Маълумки, баҳор фаслида калифорния тераги оқ момиқ гуллаб, ана шу гуллар шамол орқали атроф-муҳитга тарқалиб, экологик вазиятни бузади. Айниқса, у инсон соғлиғига салбий таъсир кўрсатади. Мазкур терак чиқараётган тўзғоқ (пух) аллергик касалликлар қўзғатувчи восита бўлиб, бу хасталикка мойил инсонлар ҳаёти учун хавфли ҳисобланади. Бундан ташқари, дарахтдан ажраган оқ момиқларнинг бир ерга жамланиб қолишидан айрим ҳолларда ёнғин ҳолатлари ҳам келиб чиқмоқда. Бу эса юртдошларимизга ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказаётир.
Шу муносабат билан Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳ.Дадахоновнинг шу йил 23 апрель куни 41-Ф сонли фармойиши қабул қилинди. Унга кўра, тумандаги барча маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли калифорния навли теракларни аниқлаш, хатловдан ўтказиш ва уларни бартараф этиш бўйича туман ишчи гуруҳи таркиби иловага мувофиқ тасдиқланди.
Мазкур ишчи гуруҳи аъзоларига:
-карантин даврида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, калифорния навли тераклардан чиқаётган гуллар (пухлар) инсон саломатлигига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиб, бошқа турдаги касалликларни келтириб чиқараётгани тўғрисида аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишларини олиб бориш;
-маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жисмоний ва юридик шахсларга тегишли калифорния теракларини аниқлаш ва хатловдан ўтказиш;
-жисмоний ва юридик шахсларга тегишлилиги бўйича ҳужжатлари мавжуд бўлган ушбу навдаги дарахтларни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 октябрдаги ПФ-5863-сонли Фармонига мувофиқ, жорий этилган МАРАТОРИЙга асосан тез ўсувчи теракларни кесишга махсус рухсатнома талаб этилмаслигини инобатга олиб, ўз ҳисобидан кесиш ва бартараф этиш бўйича огоҳлантириш бериш;
-Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 198-моддаси (Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш) талабларига амал қилмаган жисмоний ва юридик шахсларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чора кўриш ва кесилган дарахтларни туман Ободонлаштириш бошқармаси ва таълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича захира мақсадида балансига ўтказиш чораларини кўриш вазифалари юклатилди.
Тумандаги сектор раҳбарларига ушбу фармойишда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ишчи гуруҳ аъзоларига зарур шарт-шароитларни таъминлашда амалий ёрдам кўрсатишлари белгиланди.
Тез ўсувчан ва арзон материал сифатида ўстирилаётган бу терак навининг фойдасидан кўра, зарари кўпроқ. Энг муҳими, у юқорида таъкидлаганимиздек, атроф табиий-муҳитга зиён етказиш билан бирга, инсон саломатлигига ҳам жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда. Шундай экан, теракнинг ана шу навини экиб, парваришлашдан воз кечайлик!
Азиз ҳамюртлар!
Фермер хўжаликлари далаларининг четларига, йўл бўйларига, хонадонларга экилган калифорния терагини кесиб, йўқотиб, она табиатимизнинг мусаффо бўлишига ўз ҳиссамизни қўшайлик!
М.ҒОЗИЕВ.