КОРРУПЦИЯ – МИЛЛАТ КУШАНДАСИ

Ижтимоий-сиёсий

Мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир қилаётган иллатлардан бири коррупциядир. Унинг аксарият кўриниши амалдорларнинг товламачилиги билан боғлиқ бўлиб, бунга давлатга қарши жиноят сифатида қаралади. 

 

Ушбу иллатнинг илдизлари бир неча минг йилларга бориб тақалади. Дастлаб инсонлар бирор-бир мавқега эга бўлиш учун қабила бошлиғи ёки оқсоқолга совға-саломлар ҳадя қилган. Қимматлироқ совға бу одамни бошқалардан ажратиб турган ва унинг илтимоси ёки талаби сўзсиз қондирилган. Қадим замонлардаёқ коррупцияга қарши қаттиқ жазолар белгиланганига қарамасдан, бу ҳамиша ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган.

 

Коррупцияга қарши курашиш турли мамлакатларда турлича намоён бўлади. Масалан, Хитойдаги жазо тури бошқа ҳеч бир давлатда учрамайди. Бу мамлакатда коррупция жинояти содир этган кишига нисбатан ўлим жазоси тайинланади. Жанубий Кореяда эса барча раҳбарларнинг фаолияти ишдан кетгандан сўнг ҳам чуқур тафтиш қилинади.

 

Сингапурда коррупцияга қарши кураш ўзининг қатъийлиги ва давомийлиги билан ажралиб туради. Сингапур мустақилликка эришган 1965 йилда коррупция авжига чиққан эди. Уни камайтириш учун бир қатор чоралар кўрилди. Амалдорлар хатти-ҳаракатини чеклаб қўйиш, бюрократик процедураларни соддалаштириш каби чоралар шулар жумласидандир. Асосийси, қонунчиликда бу иллатга қарши оғир жазолар тайинланди. Ҳозирги кунда Сингапур коррупция энг кам мамлакатлар орасида етакчи ўринни эгаллайди.

Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши кескин курашиш чоралари кўрилмоқда. 2017 йил 4 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни бу жараёнда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бундан ташқари, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва бошқа қонунлар ҳам бевосита жамиятимизда коррупцияга чек қўйиш, тамаъгирлик, таниш-билишчилик каби иллатларга барҳам беришни назарда тутади.

 

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, унинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган. Шунингдек, мазкур қонунда коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш, тамаъгирлик қилиш каби жирканч ҳолатларга йўл қўйганлик учун қатъий жазо муқаррарлигини аниқ-равшан кўриш мумкин.

Мазкур қонунга кўра, ушбу иллатга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи, бу жараёнда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилди. Бу эса коррупцияга қарши курашнинг доимий ва изчил тус олишида муҳим аҳамиятга эга.

Тадқиқотлар бирор бир иллатга барҳам беришда энг самарали восита иллатнинг ўзи билан эмас, балки сабаби билан курашиш эканини кўрсатмоқда. Шу маънода, мамлакатимизда ҳам коррупцияга қарши кескин курашиш бўйича қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт, дея таъкидлаган эди давлатимиз раҳбари.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилда 27 майда “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5729 –сонли  Фармони қабул қилинган бўлиб, мазкур фармон билан коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ўрта муддатли истиқболда суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш, давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, улар учун чекловлар, тақиқлашлар, рағбатлантириш чоралари ҳамда коррупциянинг олдини олиш бошқа механизмларининг аниқ рўйхатини белгилаш, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш ва уларнинг иш ҳақи етарли даражада бўлишини таъминлаш, шунингдек, давлат хизматини ўташда манфаатлар тўқнашувини ҳал этишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш, идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси этиб белгилаб қўйилди.

Фармонга биноан коррупциянинг нақадар зарарли эканлиги, унинг жамият тараққиётига  путур етказилишини ёш авлод онгига синдириб бориш мақсадида 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ёшларга коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, тадбиқ этилиши кўрсатиб қўйилди.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишларнинг самадорлигини оширишга эътибор қаратилганлиги жуда ҳам муҳимдир. Чунки  коррупция бартараф этилса, халқнинг давлатга бўлган ишончи  ортиб боради ва қонун устуворлиги таъминланади.

 

   Тохиржон ИБРАГИМОВ,

  Департаментнинг Шаҳрихон тумани

   бўлими бошлиғи.

Добавить комментарий