Айни кунларда Шаҳрихон тумани деҳқонлари ғўза парваришини ҳам тобора авж олдирмоқдалар. Ниҳоллар кун сайин кўкка бўй чўзяпти. Барча тадбирлар юксак агротехника талаблари асосида амалга оширилмоқда. Асосий мақсад бу йил ҳам мўл ва сифатли пахта ҳосили етиштиришга қаратилган.
— Жорий йилда туманимиздаги 218 та фермер хўжалигининг 7132 гектар дала майдонига пахтанинг “Султон” ва “Андижон-35” каби истиқболли навлари экилган, — дейди туман қишлоқ хўжалиги бўлими бош агрономи Р.Қодиров. – Деҳқонларимиз баҳор фаслида юзага келган турли табиат cиновларини фидокорона меҳнатлари билан енгдилар. Уюшқоқлик билан бамаслаҳат ҳолда амалга оширилган ишлар чигит экишнинг қисқа муддатда тугалланиши ҳамда ғўзанинг бир текис, бехато униб чиқишини таъминлади. Бир сўз билан айтганда, тўла гектарлар яратилди. Яна бир эътиборли жиҳати шуки, ҳар бир фермер хўжалигида меҳнат қилаётганларга қулай шароитлар яратилганлиги иш суръатининг жадаллашида муҳим омил бўлмоқда.
Шу кунларда фермер хўжаликларида культивация, чуқур юмшатиш, ўғитлаш ва ғўзани барглари орқали озиқлантириш ишлари олиб борилмоқда. Ҳашаротга қарши эса биоусулда кураш чоралари кўриляпти. Илк экилган майдонлардаги ғўзалар ёппасига шоналади.
М.Ғозиев.
Р.Араббоев (Фото)