Ҳар қандай меҳнатнинг зийнати ҳунар эканини кўпчилик билади. Ҳунар чашмаи равон, давлати бепоён. Ҳунармандлар Ўзбекистонимизда қадр топяпти. Моҳи Рамазоннинг улуғ кунларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Андижонда бўлиши бошқа соҳалар ривожи қаторида ҳунармандчиликка эътибори, хусусан, Шаҳрихонимизда ҳунармандлар шаҳарчаси барпо этишга жонкуяр ва ташаббускорлиги ҳам бундан далолатдир.
Ҳунармандлар шаҳарчаси хушхабари пичоқчию дўппидўз, наққошу ганчкор, ўймакору кандакор, чевару тўқувчи, мисгару бешиксознинг кўнглини чоғ этиб, эзгу ишга руҳлантирди. Нозик услуб, моҳир меҳнат соҳибларини мамнун этди. Кўришганимиздаги фикр-мулоҳазалар қизиқиш ва иштиёқ кучлилигини кўрсатмоқда.
Юртбошимизнинг таклифи Шаҳрихон ҳунармандлари меҳнати эътирофи. Моҳир пичоқчи уста Раҳматхўжа Алихўжаев, дўппидўз Ёрқиной Тўйчиева, маҳсидўз Муроджон Бурхонов, бешиксозлар сулоласи сардори Сирожиддин Абдураимовларнинг қўли гуллигини мамлакатимиздагина эмас, хорижда ҳам билишади. Ёрқиной чевар тайёрлаган Шаҳрихон нусха дўппиларга Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро вилоятлари, Тожикистоннинг Исфарасида ҳам харидорлар кўп. Дўппидўзнинг ҳар бир “иш”ида нозик дид, маҳорат мужассамлигини эшитиш мукофотдек мамнун қилади.
Шаҳрихон-Андижон магистрал йўли ёқасида ҳунармандлар шаҳарчаси учун 1,2 гектар ер ажратилмоқда. Бу усталарнинг довруғи янада ошишига, улар учун қулайликлар яратилишига, янги иш ўринлари очилишига хизмат қилади.
Бу масканда таниқли ҳунармандларга савдо ва ишлаб чиқариш жойлари ажратилиши кўзда тутилаётир. Шунинг баробарида миллий меъморий услубда меҳмонхона, чойхона, хизмат кўрсатиш шахобчалари ўрин олади. Туризмни ривожланишига ҳам замин ҳозирланади.
Ҳамкасбларим давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлигига меҳнатлари билан амалий жавоб бериш ҳаракатида. Бу устозларимизнинг “Ҳунар қўлингдаги тилла узукдан ҳам аъло” экани ҳақидаги ҳикматини ёдга солади.
Халқ таълими тизимидаги қўшимча ўқув марказларида ўқувчилар турли ҳунарларни ўрганадилар. Барпо бўлажак шаҳарчага ёшлар ҳам жалб этилади. “Устоз-шогирд” анъанаси янгича тарзда таркиб топади. Фарзандларимиз билганларимизга издош бўлишади. Малакали ҳунармандлар кўпаяди.
Ҳунар-туганмас хазина. Ҳунар эгалари Президентимизнинг, юртдошларимизнинг, меҳмонлару сайёҳларнинг ишончини сидқидилдан бажарган меҳнат маҳсуллари билан оқлайдилар. Бир сўз билан айтганда, ҳунармандчилик янада кенг қулоч ёзади.
Содиқжон НЕЪМАТОВ,
“Ҳунарманд” уюшмаси Шаҳрихон тумани бўлими раҳбари.