ШАҲРИХОНДА КАСБ-ҲУНАРГА ЎҚИТИШ МАРКАЗИ ФАОЛИЯТ КЎРСАТМОҚДА

Ўзбекистон

Шаҳрихон  енгил саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи негизида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш маркази ташкил этилди. Ҳозир бу ерда ёши чегараланмаган 110 нафар фуқаро 8 йўналиш бўйича 11 та гуруҳда ўқитиляпти. Марказга  асосан эҳтиёжманд деб топилиб, “темир дафтар”га киритилган оилалар вакиллари жалб этилмоқда.  Шунингдек, қўлида ҳунари, касб-кори бор, лекин, бирон жойда ишлаши учун  зарур ҳужжати бўлмаган фуқаролар ҳам 3 ойлик курсда ўқитилиб, диплом ва сертификат билан таъминланиши кўзда тутилган.

Марказимиз фаолиятининг асосий мақсади – ишсиз ва банд бўлмаган аҳолини ҳудудий ҳамда минтақавий меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касбларга ўқитишдан иборат,-дейди  муассаса директори Гулнорахон Аҳмедова. – Шу билан бирга, юртимизда ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳаларининг тобора ривожланаётгани туфайли маҳаллий мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида корхона ва ташкилотлар буюртмасига кўра, уларнинг ишчи — хизматчиларини  касбга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳам муҳим йўналишларимиздан ҳисобланади.

Айни пайтда марказда 50 нафар мутахассис томонидан автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, бухгалтерия, тикувчилик, маиший ва мобил қурилмаларни таъмирлаш, ахборот технологиялари ва веб сайтлар яратиш, гўзаллик салони, ошпаз-қандолатчи ва сантехник каби йўналишлар бўйича тингловчиларга сабоқ берилмоқда.

Шу ўринда, курс тингловчиларига ҳар ойда шахсий харажатлари учун 223 минг сўмдан нақд пул берилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Келгусида марказда қўшимча тарзда кутубхоначилик иши, эркаклар сартароши, нутқ маданияти, саҳна безаги ва декларация йўналишларини ҳам очиш режалаштирилган.

 

Рустамбек АРАББОЕВ.

Добавить комментарий