МЕҲНАТДАН ЭЪЗОЗ ТОПГАН МУАЛЛИМА

Жамият

Халқимизда «Устоз отангдек улуғ» деган нақл бор. Устозлик мартабаси ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Ёш авлодга билим берган инсон юксак вазифани зиммасига олиб, улуғ ишни амалга оширган ҳисобланади. Ахир айтадилар-ку, «Дунё иморатлари ичида энг улуғи мактаб бўлса, касбларнинг ичида энг шарафлиси ўқитувчилик ва мураббийликдир». Ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда албатта, устозларимизнинг беқиёс ҳиссаси борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этишимиз лозим.

Барнохон Тўйчиева туманимизда фаолият кўрсатаётган  илғор педагоглардан бири ҳисобланади. У Бирлашган маҳалласида таваллуд топган. Ёшлигидан илм-фан сирларини мукаммал эгаллашга интилган Б.Тўйчиева ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб,  1992 йилда Андижон Давлат Университетининг биология факультетига ўқишга киради. У бу даргоҳни ҳам муваффақият билан битириб, иш фаолиятини 23-умумтаълим мактабида бошлайди. Қарийб, 25 йил давомида ўқувчиларга биология фанидан сабоқ берди. Ташкилотчилиги, ўз касбига садоқати билан билан  ҳамкасблари ва ўқувчилари олдида катта ҳурмат-эътибор топди.

Б.Тўйчиева 2014 йилдан буён тумандаги 3-умумтаълим мактабида фаолият кўрсатиб келмоқда. У ҳар бир дарсга пухта тайёргарлик кўради. Сабоқларни қизиқарли, ноанъанавий  усулларда, илғор педагогик технологиялар асосида ўтишга интилади. У раҳбарлик қилаётган фан тўгараги доимо ёшлар билан гавжум. Ўқувчилар бу ерда дарсда олган билимларини янада мустаҳкамлаб бормоқдалар.

Б.Тўйчиеванинг кўп йиллик самарали меҳнатлари муносиб эътироф этилди.  У 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан Ватанимизнинг юксак мукофотларидан бири – «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Бу эътибордан Барнохон опанинг боши кўкка етди. Муаллимани ҳамкасблари, маҳалладошлари, шогирдлари чин дилдан қутладилар.

— Кейинги пайтларда юртимизда ўқитувчилик касби  том маънода қадр топмоқда,  — дейди Б.Тўйчиева. — Юртбошимиз бу соҳа вакиллари меҳнатини алоҳида эъзозлаб, уларга катта ғамхўрликлар кўрсатмоқда. Бундан жуда ҳам мамнунмиз.

Барнохон опа ибратли оила бекаси сифатида турмуш ўртоғи Ғайратжон Тўйчиев билан тўрт нафар фарзандни комил инсонлар қилиб вояга етказишмоқда. У ишдан бўш вақтларида оила, рўзғор юмушлари, фарзандлар тарбиясига андармон бўлади. Бирон дақиқа ҳам вақтини беҳуда ўтказмай, ўз фани бўйича янгиликлар билан танишади, китоб мутолаа қилади.

Минглаб ёшларга илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар қилиб тарбиялаётган Барнохон опадай захматкаш ва олижаноб устозларимиз сафи янада кенгаяверсин.

Аббос СУЛТОНОВ,

«Шаҳрихон» махсус мухбири.

Суратда: «Шуҳрат» медали соҳибаси Б.Тўйчиева.

Добавить комментарий