Президентимиз раислигида жорий йил 8 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида маҳалла фуқаролар йиғинларида “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”ни шакллантириш юзасидан қатор вазифа ва топшириқлар берилган эди.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш бўйича Шаҳрихон туманида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Туман ҳокимлиги, масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилди. Ишчи гуруҳлар аъзолари уйма-уй юриб, ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганяпти. Бу жараёнда “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари” шакллантирилмоқда.
– Пандемия даврида ташкил қилинган “Темир дафтар” эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлашда катта самара берди, – дейди туман ҳокими ўринбосари Б.Алимов. – Эндиликда мазкур жараён давом эттирилиб, ёшлар ва аёлларнинг муаммолари ўрганиб чиқилмоқда. Дафтарлар шакллантирилганидан сўнг, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўргатиш каби масалаларга эътибор қаратилади.
Туманнинг 1-сектори ҳудудидаги 22 та маҳаллада 14409 та хонадон мавжуд бўлиб, уларда салкам юз мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Секторда тузилган штаб ва ишчи гуруҳлари аъзолари бу муҳим вазифа ижроси доирасида уйма-уй юриб, аёллар ва ёшлар билан учрашмоқдалар.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, “Ёшлар дафтари”га 18 ёшга тўлган ва 30 ёшдан ошмаган, “Аёллар дафтари”га эса 30 ёшдан ошган ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, бандлигини таъминлашга эҳтиёжи бор бўлганлар киритилади.
Шаҳрихон тумани ҳокимлиги
матбуот хизмати