Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишлар халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширмоқда. Барча соҳалардаги кенг кўламли бунёдкорлик ишлари юртдошларимизга ўзгача кайфият, кўтаринки руҳ бағишлаётгани қувонарлидир.
Яқинда Шаҳрихон туманининг Қумтепа маҳалласида янги реконструкция қилинган туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 2-туғруқ комплекси биноси фойдаланишга топширилди. Тантанада фахрийлар, шифокорлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, мазкур шифохона замон талабларига жавоб бермай қолган эди. Аҳоли вакиллари мурожаатлари асосида вилоят, туман ҳокимликлари томонидан бу масала атрофлича ўрганилиб, бинони замонавий тарзда таъмирлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Бу мақсад учун давлат бюджетидан 5 миллиард 587 миллион сўм маблағ ажратилди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “Ихтисослашган Шаҳрихон қурилиш” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан сифатли ҳолда олиб борилди. Натижада қисқа фурсатда мазку маскан замонавий ва кўркам қиёфа касб этди. Шифохона энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳоз ва асбоб-ускуналар билан таъминланди.
2-туғруқ комплекси биносининг фойдаланишга топшириш маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳалар сингари соғлиқни сақлаш тизимида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, натижада аҳоли соғлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалганини қайд этиб, барчани муборакбод этди.
— Бутунлай янги қиёфага эга бўлган мажмуа оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамият касб этади,-дейди фахрий шифокор Муборак Адимова.- Бу ерда яратилган шарт-шароитлар таҳсинга лойиқ. Аёлларга берилаётган бу каби юксак эътибор ва ғамхўрликлар учун Юртбошимиздан миннатдормиз.
Мазкур туғруқхона оналик бахтига муяссар бўлаётган аёлларни ўз бағрига олмоқда.
Аббос ЙЎЛДОШЕВ,
“Шаҳрихон” нинг махсус мухбири.
Рустамбек АРАББОЕВ, (Фото).