Шаҳрихон тумани прокуратураси томонидан туманда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, соғлиқни сақлаш, тўлов интизомини мустаҳкамлаш, боқиманда қарздорликни камайтириш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳалқ хўжалигининг муҳим тармоғи ҳисобланган қишлоқ ҳўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, аргар тармоғда бозор муносабатларини юзага келтиришда шартномалар, уларнинг бажарилишига асосий эътибор қаратилмоқда.
Ўтган 2020 йил мобайнида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган қонунлар, Республика Президенти Фармонлари ва Ҳукумат қарорлари талабларига риоя этилиши устидан назорат ишлари амалга оширилгани, хусусан текширишлар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, меҳнат ва бандлик, соғлиқни сақлаш, фуқароларнинг мурожаатлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ўзаро ҳисоб-китоб, тўлов ва шартнома интизомини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат мулкини сақланишига қаратилган қонунлар ижроси юзасидан ўтказилиб, бу борада аниқланган қонунбузилишлар прокурор назорати ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилиши таъминланди.
Жумладан, йил давомида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш йўналиши бўйича жами 21 та текшириш ўтказилиб, натижаларига кўра 25 та ноқонуний ҳужжатларга протестлар келтирилди, қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 28 та тақдимнома киритилди, 47 нафар шахс интизомий, 27 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган ва қўпол қонунбузилишига йўл қўйилганлиги юзасидан 1 жиноят иши қўзғатилган.
Қишлоқ хўжалиги соҳасида жами 10 та текшириш ўтказилиб, натижаларига кўра 12 та тақдимнома, 3 та протест, 138 нафар шасхлар огоҳлантирув, 2 нафар шахслар интизомий ва 13 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, вояга етмаганлар соҳасида 8 та текшириш ўтказилиб, натижаларига кўра 1 та протест, 11 та тақдимнома, 5 нафар шахслар интизомий ҳамда 44 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган.
Халқаро-ҳуқуқий муносабатларга оид қонунчилик ижроси юзасидан жами 2 та текшириш ўтказилиб, натижаларига кўра 2 та тақдимнома, 10 та протест келтирилган.
Суд ҳужжатлари ва бошқа орган ҳужжатлари ижроси юзасидан жами 19 та текшириш ўтказилиб, натижаларига кўра 6 та тақдимнома ҳамда 25 та протест киритилган.
Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан 2020 йил «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб- қувватлаш» йили Давлат дастури ижросини сифатли ва аниқ бажарилиши юзасидан йил бошиданоқ, тумандаги мутасадди идоралар билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Шунингдек, туманни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва турмуш даражасини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишчи гуруҳи таркиблари тузилиб, таркибларда тумандаги барча ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари бириктирилган.
Туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларни амалга ошириш юзасидан йўл харитаси хам ишлаб чиқилган. Ҳозирда туманимиз ҳудуди 4 та раҳбарга бўлиб берилган. Ушбу янги тизимнинг жорий қилиниши барча ҳудудларнинг эгалик бўлишини таъминлади. Аҳолини тўлиқ қамраб олиб, ҳар биттасининг дардини тинглаш ва индивидуал ёндашишга замин яратилди.
Ҳар бир маҳаллага прокуратура ходимлари график асосида бириктирилган бўлиб, хонадонларга бирма-бир кирилиб, аҳоли билан юзма-юз гаплашилиб, уларнинг дарди ва муаммолари ҳал қилинмоқда. Ҳудуддаги ҳар бир хонадонга кирган ҳолда қолган аҳолини турмуш даражасини ўрганиб, улардан тушган таклиф ва муаммоларини жойида, айримларини эса ёзма аризаларини олиб сайёр қабуллар орқали ижобий ҳал қилиниши таъминланмоқда.
Бундан ташқари, туман прокуратураси томонидан тадбиркорлик субъектларини мурожаатларининг қабул қилиш ва ҳал этиш юзасидан ҳар ҳафтанинг жума кунлари қишлоқ ва маҳаллалар кесимида учрашувлар ўтказиш жадвали ишлаб чиқилиб, шу кунга қадар Шаҳрихон шаҳридаги 12 та МФЙлар, тумандаги “Найнаво”, “Назармаҳрам”, “Бобочек” ва “Чўжа” маҳаллаларида ўтказилган учрашувлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича 34 нафар тадбиркорлик субъектларини муаммоларга амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Ушбу муаммолардан 4 таси ҳунармандчилик йўналишида имтиёзли кредит олиш, 19 таси бўш турган бино-иншоотлар ҳамда ер майдонларидан тадбиркорлик фаолияти учун ажратилишида амалий ёрдам бериш ва 6 нафари касаначиликни ривожлантириш, 27 нафари савдо терминаллари билан таъминланишини билдиришган.
Мазкур муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида, туман прокуратураси томонидан соҳа мутахассислари билан ўтказилган текширишда аниқланган 30 та бўш турган бино ва ер майдонларидан 2 таси “ноль” қийматда тадбиркор бўлиш истагини билдирган фуқароларга олиб берилди, қолган ер майдонларини келгусида тадбиркорлик субъектларига тегишли тартибда расмийлаштириш учун тўпланган ҳужжатлар жамланиб, туман ҳокимлиги ҳузуридаги ер участкалари бериш масаласини кўриб чиқувчи доимий комиссияси зиммасига юклатилиб, ҳозирда тадбиркорларга мақсадли ажратиб берилиши бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар назоратга олинган.
Туман прокуратурасида туман ҳокимлиги, тижорат банклари, МИБ, ДСИ, статистика ва давлат хизматлари марказининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳлар тузилиб, фаолияти тўхтатилган ва тугатилган 491 та тадбиркорлик субъектлари жойлашган манзилларига бирма бир борилиб, улар билан сўровнома тўлдириш орқали суҳбатлар ўтказилиб келинмоқда, бунинг натижасида хозирда 10 та тадбиркорлик субъектларини фаолияти қайта тикланиб, 4 таси фаолияти тикланиш арафасида турибди, фаолиятини тиклаш имкони йўқларини давлат рўйхатдан чиқарилиши билан бирга, фаолиятини тиклаш истагини билдирганларга эса амалий ёрдамлар кўрсатилиб келинмоқда.
Ҳудудда ортопедия маҳсулотларига муҳтожлиги аниқланган ногиронларга ортопедия маҳсулотлари етказиб берилди. Кам таъминланган хонадонларга эса газ плиталари, газ баллонлар ва бошқа амалий ёрдамлар ҳам кўрсатилиб келинмоқда.
Ўтган йил давомида туманда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳокимлик, ҳуқуқ-тартибот ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда қатор ижобий ишлар амалга оширилди. Жумладан, туман ҳудудида вазият барқарорлиги ва фуқаролар осойишталиги таъминланди, террористик-қўпорувчилик ҳолатларини содир этилишига йўл қўйилмади, умумий жиноятларни, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятларни ва айрим турдаги жиноятларни камайишига эришилди.
Ички ишлар органлари фаолияти устидан назорат йўналишида жами 22 та текшириш ўтказилиб, якунига кўра 29 та таъсир чора, жумладан 22 та тақдимнома, 7 та протест киритилган.
Жиноятчилик 2020 йилда 269 (280) тани ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 3,9 фоизга камайишга эришилган бўлсада, оғир тан жароҳати етказиш (7-4) 75,0 фоизга, талончилик (0-4) 100 фоизга, автотранспортни ҳайдаб қочиш “угон” (0-2) 100 фоизга, ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ходисаси (16-14) 12.5 фоизга, номусга тегиш (0-2) фоизга, вояга етмаганлар жинояти (5-7) 40 фоизга, маст ҳолда содир этилган жиноятлар (3-6) фоизга, муқаддам судланганлар жинояти (8-9) 12.5 фоизга ортган.
Олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида, қотиллик жинояти (0-2) 100 фоизга, ўғирлик (30-26) 13.3 фоизга, безорилик (13-7) 43.2 фоизга, одам савдоси (1-0) 100 фоизга, фирибгарлик жинояти (40-34) 15,0 фоизга, порахўрлик жинояти (12-7) 41.7 фоизга, гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар (35-21) 40,0 фоизга, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар (68-56) 17,6 фоизга, аёллар жинояти (33-16) 51.5 фоизга, тан жароҳати олган йўл транспорт ҳодисаси (53-44) 16.9 фоизга камайишга эришилган.
Шунингдек, 2020 йилда туманда қотиллик, босқинчилик ва товламачилик жиноятларини умуман содир этилишига йўл қўйилмади.
Туман прокуратурасининг терговчилари томонидан 2020 йилда 22 (20) та жиноят иши бўйича 31 (41) нафар шахсларга нисбатан айблов хулоса тузилиб судларга юборилган. 31 (27) нафар айбланган шахснинг 16 (16) нафарига муносиб ҳулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат, 2 (2) нафарига шахсий кафиллик, 0 (1) нафарига жамоат кафиллиги, 7 (14) нафарига гаров, 6 (6) нафарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Жиноятлар оқибатида етказилган жами 966.5 (1.074.4) млн. сўмлик зарарларнинг 67.1 (88.0) фоизини бевосита тергов жараёнида ундиришга эришилган.
Ҳисобот даврида 23 (19) нафар шахсни ўз жонига қасд ва суиқасд қилишига йўл қўйилган. Мазкур шахсларнинг 6 (12) нафари аёл ва 17 (7) нафари эркак киши бўлган. Ўз жонига қасд ва суиқасд қилганларни 12 нафари вафот этган ва 11 нафарини ҳаёти сақлаб қолинган.
23 нафар фуқародан 17 нафари осиш, 3 нафари кучли таъсир қилувчи дори воситаларни истеъмол қилиш, 3 нафари бошқа усуллар билан ўз жонига қасд қилган. Ёш жиҳатдан 6 нафари 18 ёшгача, 6 нафари 18-30 ёшгача, 10 нафари 30-60 ёшгача, 1 нафари 60 ёшдан катта бўлган.
Шунингдек, буларнинг 3 нафари оиладаги келишмовчилик,
1 нафари руҳий касаллик, 15 нафари руҳиятидаги ўзгаришлар, 1 нафари қарзни қайтара олмаганлик таъсирида, 1 нафари жиноий жавобгарликдан қутилиш мақсадида ва қолган 2 нафари бошқа сабабларга кўра ўз жонига қасд ва суиқасд қилган.
Ушбу жиноятни содир этилишига — турмуш ўртоғи узоқ муддатга чиқиб кетган аёлларни турмуш тарзи, оилавий аҳволи, юриш-туриши МФЙ фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси, профилактика инспекторлари томонидан етарли даражада ўрганилмаганлиги, профилактик суҳбатлар ўтказилмаганлиги, расмий равишда огоҳлантирилмаганлиги, моддий ёрдамлар кўрсатилмаганлиги сабаб бўлган.
Шундан келиб чиқиб, мавжуд 76 та маҳаллаларда аҳоли, айниқса аёллар билан учрашувлар ўтказилиб, ҳушёрликка, огоҳликка чақирилди, 189 нафари билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, юриш-туриши жамоатчилик назоратига олинди.
Жиноят қидирув бўлими тезкор ходимлари томонидан тезкор вазиятни ушлаб туриш, жиноятларни фош этиш борасида зарур чора-тадбирлар кўрилиб борилмоқда. Хусусан, ЖПКнинг 364-моддаси 1 ва 2-қисми билан тўхтатилган жиноятлар жами 6 тани (2019 й-13 та) ташкил қилиб, шундан, 3 таси ЖПКни 364-моддаси 2-қисми яъни, қидирув билан тўхтатилган ва 3 таси ЖПКнинг 364-моддаси 1-қисми, яъни фош этилмаганлиги учун тўхтатилган.
Жами қидирув соҳасида амалга оширилган тадбирлар натидасида 8 нафар қидирувда бўлган шахс ушланган.
Ҳозирда 68 нафар шахсга нисбатан қидирув йиғма жилдлар юритилган бўлиб, 42 нафар махсус қидирув, 26 нафари оддий қидирув. Буларнинг 48 нафарига туман ИИБ ТБ томонидан, 16 нафарига ДХХ томонидан, 2 нафарига суд томонидан ва 2 нафарига прокуратура органлари томонидан қидирув эълон қилинган.
Жойларда алоҳида ажратиб олинган шахслар билан олиб борилаётган профилактик тадбирларни, тунги хизматни, жамоатчилик назорат масканлари фаолиятини етарли даражада ташкил қилинмаганлиги натижасида қотиллик ва безорилик жиноятларини ортиб кетишига йўл қўйилган.
Бугунги кунда ҳар бир содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида шу куннинг ўзида мутасадди идоралар билан ҳамкорликда жойида, жамиятнинг энг қуйи бўғини ҳисобланган маҳаллаларда муҳокама қилиб борилиши йўлга қўйилди.
Туман прокуратураси ходимлари томонидан ҳисобот даврида ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш мақсадида бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда жами 224 маротаба маҳаллаларда, таълим муассасаларида содир этилган жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, қонунчилик талабларини тушунтириш юзасидан учрашувлар ўтказилиб, мазкур тадбирлар оммавий ахборот воситалари орқали 21 маротаба кенг ёритилган.
Туманда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш ва жиноятларни фош этиш мақсадида савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини 138 тасига, шунингдек, 12 та кўп қаватли уй-жойларга кузатув камералари ўрнатилди.
Ички ишлар идоралари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга 19 мингдан ортиқ хонадонлар ўрганилиб, 153 нафар паспорт-виза тартиб қоидаларини бузган, 29 нафар доимий ёки вақтинча яшаш тартибини бузган шахслар аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди.
Ҳудудларда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, намунали жамоат тартибини сақлаш мақсадида 76 та патруллик йўналишлари ташкил этилди.
Ана шу амалга оширилган тадбирлар натижасида, умумий жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 57тага камайган, шунингдек, турлари бўйича оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, товламачилик, автотранспортни ҳайдаб қочиш жиноятлари, айниқса, муқаддам судланганлар, гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар камайиб, бу даврларда 26 та маҳаллаларда жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади.
Бундан ташқари,туманда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўзаро ҳамкорлигида комплекс тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, вазият барқарорлигини таъминлаш, жиноятларни олдини олиш борасида тизимли тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Туман прокуратураси томонидан мазкур соҳавий йўналишда умумлаштиришлар ўтказилиб келинган ҳамда якунига кўра, туман ҳокими, туман ИИБ, туман ҳокимлиги хотин-қизлар қўмитаси ва жиноятчилик ортган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш идораларига тақдимномалар киритилиб, жиноятчилик, унинг ошган айрим турлари таҳлил қилиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг Мувофиқлаштирувчи кенгашида муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирлар белгиланган.
Таҳлиллардан келиб чиқиб, келгусида туманда қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилишини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштириш, бу борада масъул идоралар ҳамкорлигини таъминлаш ва ҳаракатларини мувофиқлаштириб боришга, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга, жойларда, айниқса, меҳнат жамоалари, ўқув масканлари ва маҳаллаларда халқ ичига кириб бориш билан унинг муаммоларини билишга эътибор қаратиш ҳамда қонун устиворлигини таъминлаб, муаммоларни ечимини топишга алоҳида эътибор бериш лозим бўлади.
Юқоридагилардан кўринишича, туманда қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устиворлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилган бўлишига қарамай, шартнома ва тўлов интизоми, коммунал тўловлардан бўлган қарздорлик, фуқаролар ва вояга етмаганларни ижтимоий ва меҳнат муҳофазаси, иш ҳақини вақтида ва тўлиқ тўланиши, давлат мулкларини сақланиши, бюджет маблағларини сарфланиши, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги қонун талаблари бажарилишида қонунбузилишларга чек қўйилмаган.
Келгусида туман ҳудудида қонунчилик аҳволини знада яхшилаш учун:
— туманда аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиниши, иш ҳақи ва ижтимоий тўловларни ўз вақтида тўланиши ва қонуний тайинланиши аҳволини мунтазам ўрганиб борилиши;
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги «Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида»ги 44-сонли қарори ижроси ҳамда оналарга бола 2 ёшга тўлгунча парвариш қилиш бўйича нафақалар тўланиши;
— Ўзбекистон Республикаси «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги Қонуни ижросини ва фуқароларни ишга жойлаштирилиши аҳволини ўрганиб борилиши;
— Ўзбекистон Республикаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни ижросига риоя этилиши;
— тумандаги корхона ва ташкилотларда шартнома ва тўлов интизомини тартибга солишга қаратилган қонунлар ижросини ўрганилиши;
— туманда ердан фойдаланиш, минерал ўғитлар сақланиши, қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишига доир қонунлар ижросини ўрганиб борилиши;
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 11 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида ислоҳотларни амалга оширишга қаратилган қонунлар ижросини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3406 сонли Фармони ижросининг бажарилишини таъминлаш таклиф этилади.
— Ўтган йилда содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликларни жорий йилда такрорланмаслигининг олдини олиш бўйича зарурий чоралари кўрилсин, бунда давлат бошқарув органлари, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда аҳоли вакилларининг ҳамкорлигини таъминланишига алоҳида эътибор қаратилиши;
— диний экстремистик оқимларга мансуб ва мойил бўлган, шунингдек, диний экстремизм ва терроризм билан боғлиқ жиноятлари учун жазони ўтаб чиққан шахслар билан ўтказилаётган профилактик тадбирлар самарадорлиги оширилиши;
— аёлларнинг диний экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолиши ва бу тоифадаги жиноятлар содир қилинишининг олдини олиш мақсадида Хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинларидаги диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги ҳамкорлик янада кучайтирилиши;
— ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари ҳамда фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятидаги жиноятчиликка қарши кураш, терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш масалаларида тарқоқликка чек қўйиб, ўзаро ҳамкорликни яхшилашга қаратилган қўшимча чоралар кўрилиши ва бу фаолият мунтазам равишда мувофиқлаштириб борилиши таклиф этилади.