Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда уларга бир қатор қулайликлар яратишда замин яратмоқда.
Зеро, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устивор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш энг муҳим йўналишлари сифатида мустаҳкамланган.
Барчамизга маълумқи ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашаётган ҳуқуқларини ёҳуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга мурожаат этишга ҳақли.
Иқтисодий судларда соддалаштирилган тартибда иш юритиш тартиби мавжуд бўлиб, даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий хисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади. Алоҳида ҳолатларда даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Ўз ўрнида ишни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши ишда иштирок этувчи шахсларга қандай қулайликларни вужудга келтириши ва уларнинг бошқа шахсларнинг манфаатларига таъсир этиш ҳолатлари қизиқтириши табиий. Соддалаштирилган тартибда иш юритишда судья томонидан даъво аризани иш юритишга қабул қилиш ҳақида ажрим чиқарилиб тарафларга юборилади, бироқ суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан тақдим этилган ҳужжатлар асосида кўриб чиқади.
Ушбу ҳолатда фуқаролар томонидан даъво аризадан хабардорлиги ва даъво аризага нисбатан ўз эътирозларини тақдим этиш имкони йўқолиши мумкинлиги юзасидан асосли саволлар туғилиши табиий ҳол бўлиб, даъвогар томонидан тақдим этилаётган даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари жавобгарга топширилиши шарт. Жавобгар эса даъво ариза юзасидан ёзма фикрини даъво аризасининг кўчирма нусхаси ўзига топширилган пайтдан эътиборан ўн беш кунлик муддатда судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этиши мумкин. Судья тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва важларни текширади, далиллар билан танишади, ашёвий далилларни кўздан кечиради ва ҳал қилув қарорини қабул қилади. Ушбу ҳолатда тарафлар суд мажлисига келмасдан ўз вақтларини тежаган ҳолда низо ҳал этилади. Бу эса тарафларга ортиқча оворагарчиликнинг олдини олиш ҳамда вақтини тежаш имконини беради.
Низонинг кўриш мумкин бўлмаган ёки умумий тартибда тарафлар иштирокида ўтказиш ҳолатлари ҳам мавжуд бўлиб, унга кўра корпоратив низолар бўйича ишлар ҳамда ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди, шунингдек ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса, қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса, билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса даъво соддалаштирилган тартибдан умумий тартибга ўтказиш тўғрисида ажрим чиқарилади ҳамда иш умумий тартибда кўриб чиқилади.
Бўстон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2020 йил мобайнида 116 та соддалаштирилган тартибда ишлар кўриб чиқилиб, даъвогарлар фойдасига жами 100294407 сўм маблағларни ундириш юзасидан ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.
Сардор УМАРАЛИЕВ,
Бўстон туманлараро иқтисодий суди раиси.