Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрелдаги “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5048 сонли қарори ижросини таъминлаш борасида Шаҳрихон туманида ҳам тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Туманимизнинг Бувайда маҳалласида айни пайтда 721 та хонадондаги 1150 та оилада 5750 нафар аҳоли истиқомат қилади. Мазкур маҳалла ҳам “Обод маҳалла” дастурига киритилган бўлиб, шу кунларда бу ҳудудда кенг кўламда бунёдкорлик ишларига киришилди.
— Дастур доирасида маҳалламиздаги кўчаларда 6,5 километр масофада асфальтлаш ишлари олиб борилиши режалаштирилган, — дейди МФЙ раиси И.Юнусалиев. – Ҳозирда биринчи босқичда ички йўлларга шағал ётқизилмоқда. Шунингдек, ҳудудда ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 1 та янги қудуқ кавлаш ва сув минораси ўрнатиш, мавжуд 2 та сув қудуғини реконструкция қилиш ва 4 километр масофага янги тармоқ тортиш белгиланган. Айни пайтда 450 метр масофада траншея кавланиб, полителин трубалар ташланмоқда. Туман электр таъминоти корхонаси ходимлари томонидан эса, 20 та янги бетон таянчлар ўрнатилди. 1,8 километр янги тармоқ тортиш, 1 та янги трансформатор ўрнатиш, маънан эскирган симёғочларни замонавийсига алмаштириш ишлари босқичма-босқич давом эттирилади. Дастур асосида 1 та газ тақсимлаш қурилмаси ва 500 метр тармоқ жорий таъмирланади. Табиий газ етиб бормаган ҳудуддаги хонадонлар маиший газ баллонлари билан тўлиқ таъминланади.
Дастур асосида МФЙ учун давлат шерикчилиги асосида янги, замонавий маъмурий бино қуриб, битказилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бинода ходимлар учун алоҳида хоналар, мажлислар зали мавжуд.
Шу билан бирга маҳалладаги ижтимоий соҳа объектларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Бир сўз билан айтганда Бувайда маҳалласи обод ва кўркам масканга айлантирилади. Бу каби хайрли ишлар аҳоли турмуш даражасининг янада яхшиланишига хизмат қилиши шубҳасиздир.
Шаҳрихон тумани ҳокимлиги
матбуот хизмати