XX аср охирларига келиб одам савдоси бутун инсониятга қарши асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолди. Одамдан эксплуатация мақсадларида фойдаланиш билан боғлиқ жиноятлар ошиб бориши тенденцияси бундай ижтимоий хавфли қилмишлар охир-оқибатда жамиятнинг демократик негизларига тажовуз қилиши билан миллий хавфсизликка ҳам таҳдид солади.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш тўғрисида»ги Конвенциясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи «Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида»ги Протоколни ратификация қилди, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Қонун қабул қилинди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.
Одам савдосига оид қонунчиликни қўллашда масалалар юзага келаётганлиги муносабати билан ҳамда бу тоифадаги ишлар бўйича ягона суд амалиётини шакллантириш мақсадида, «Судлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарор қилади:
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади.
Қонунда одам савдоси учун жиноий жавобгарлик белгиланганлиги шахс эркинлигининг конституциявий кафолатларидан бири ҳисобланади.
Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозицияси мазмунига кўра, одам савдоси деганда, одамни олиш-сотиш ёки одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади.
Олди-сотди тариқасидаги одам савдоси одамнинг бир шахс томонидан бошқасига пул, бошқа моддий қимматликлар (мулк), мулкий характердаги хизматлар, мулкий ёки пул шаклидаги қарздан воз кечиш ва ҳ.к.лар сифатидаги ҳақ эвазига берилиши тўғрисида ёзма ёки оғзаки битим тузилишини назарда тутади. Бундай кўринишдаги одам савдосида одам қандай мақсадларда сотиб олинганлиги (сотилганлиги) ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.
Шахс одамни унинг эвазига ҳақ олинганидан сўнг топшириш шарти билан сотишга ваъда бериб, бироқ азалдан унинг қасди моддий қимматликларни эгаллашга қаратилган ва унда битим шартларини бажариш нияти бўлмаган ҳолларда унинг ҳаракатлари фирибгарлик таркибини ташкил этади, олувчининг ҳаракатлари эса сотиб олиш тариқасидаги одам савдосига суиқасд сифатида квалификация қилиниши лозим.
Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, олиш-сотиш тариқасидаги одам савдосидан фарқли равишда, Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган бошқа барча ҳоллар (ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш, қабул қилиш)да жиноий жавобгарлик юзага келишининг зарур шарти одамни эксплуатация қилишга қаратилган мақсад мавжудлиги ҳисобланади.
Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилиши керак.
Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади.
Фоҳишабозликда фойдаланиш деганда, одамдан унинг ҳақ эвазига номуайян доирадаги жинсий шериклар билан шаҳвоний муносабатларга киришишидан муттасил фойдаланиш тушунилади. Бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатация деганда, одамнинг ундан порнографик тасвирлар тайёрлаш, бузуқ ҳаракатлар содир этиш ва ҳ.к. мақсадларда фойдаланиш учун берилиши тушунилади.
Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди.
Қуллик — ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади.
Эрксизлик ҳолати — шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.
Одам савдосига оид ишларни тергов қилиш ёки кўришда тергов органлари ва судлар қуйидаги тушунчаларни аниқ фарқлашлари лозим:
ёллаш деганда, эксплуатация қилиш мақсадида одамни бирор-бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;
ташиш — шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим. Ташиш битта аҳоли пункти доирасида ҳам, Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиш билан боғлиқ тарзда ҳам амалга оширилиши мумкин;
топшириш — одамни бошқа шахсга эксплуатация қилиш мақсадида жисмоний тарзда беришда ифодаланади;
яшириш — жабрланувчини ҳокимият вакилларидан, қариндошларидан ёки унинг тақдиридан манфаатдор бошқа шахслардан ҳар қандай жойда хуфия сақлашда ифодаланади;
қабул қилиш — одамни ўз мақсадларида эксплуатация қилиш учун эгаликка олиш (масалан, ҳадя тариқасида, вақтинча текин фойдаланиш учун ёки қарз эвазига ва ҳ.к.) ни англатади, одамни сотиб олиш ҳоллари бундан мустасно.
Тушунтирилсинки, Жиноят кодексининг 135-моддаси биринчи қисми диспозициясида назарда тутилган жиноят таркиби формал бўлиб, жиноят одамни олиш-сотиш битими тузилган пайтдан ёки қонуннинг мазкур моддасида кўрсатилган бошқа қилмиш содир этилган пайтдан тугалланган ҳисобланади.
Шу билан бирга, қилмишда айрим квалификация белгилари мавжуд бўлганда жиноятни тугалланган деб топиш учун қонунда белгиланган оқибатлар (масалан, жабрланувчининг ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар) келиб чиққан бўлиши керак.
Шуни инобатга олиш лозимки, айрим ҳолларда жиноятнинг тугалланиш пайти эксплуатация тугаган (масалан, жабрланувчи қочиб кетган, жиноятга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан барҳам берилган, жабрланувчи айбдорнинг ўзи ёки бошқа шахслар томонидан озод қилинган ва ҳ.к.) вақт билан боғлиқ бўлади.
Судларга тушунтирилсинки, Жиноят кодексининг 135-моддаси иккинчи қисми «а» банди билан жабрланувчини ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш билан боғлиқ тарзда содир этилган одам савдоси квалификация қилинади.
Ўғирлаш деганда, одамни қонунга хилоф равишда, яширин ёки ошкора қўлга киритиш ва унинг эркига хилоф равишда уни олиш-сотиш ёки эксплуатация қилиш мақсадида бошқа жойга олиб кетиш тушунилиши лозим.
Зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда, боғлаш, озодликдан маҳрум этиш, уриш-дўппослаш, ушлаб туришдан бошлаб, жабрланувчининг соғлиғига енгил ёки ўртача оғир шикаст етказиш, шунингдек, жабрланувчининг соғлиғига зиён етказмаган бўлсада, бироқ қўлланилган пайтда бундай зиён етказишга реал имконият туғдирган зўрликкача бўлган ҳар қандай мажбурлаш тушунилиши лозим.
Бошқа шаклдаги мажбурлаш деганда, жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларининг мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд шикаст етказиш ёки нобуд қилиш билан таҳдид қилиш, жабрланувчи ёки унинг яқин кишилари обрўсини тўкадиган маълумотларни ёки уларнинг ҳуқуқлари ёки қонуний манфаатларига жиддий зиён етказиши мумкин бўлган бошқа маълумотларни тарқатиш ёхуд жабрланувчини айбдорнинг у ёки бу кўрсатмаларини бажаришга мажбур этадиган вазиятни вужудга келтирадиган ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш тушунилиши керак.
Жиноят кодексининг 135-моддаси иккинчи қисми «г» банди билан айбдорга моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан содир этилган одам савдоси билан боғлиқ ҳаракатлар квалификация қилинади.
Моддий қарамлик, жумладан, жабрланувчи айбдорнинг тўлиқ ёки қисман қарамоғида бўлганлигани, қарздорнинг кредиторга мутелигини ва ҳ.к.ни англатади.
Бошқа жиҳатдан қарамлик деганда, жабрланувчининг айбдорга ҳар қандай номоддий қарамлигини (масалан, оилавий муносабатлар, тобе шахснинг раҳбарига, ўқувчининг ўқитувчига қарамлигини) тушуниш зарур.
Хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда одам савдоси (Жиноят кодексининг 135-моддаси иккинчи қисми «ж» банди), бундай жиноят мансабдор шахс томонидан ёки ўз хизмат ваколатларидан Жиноят кодексининг 135-моддасида назарда тутилган ҳар қандай қилмишни енгиллатиш мақсадида фойдаланган бошқа шахс томонидан содир этилганлигини билдиради.
Тушунтирилсинки, Жиноят кодексининг 135-моддаси иккинчи қисми «з» бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор жабрланувчини Ўзбекистон Республикасидан ташқарига ёки унинг ҳудудига Давлат чегараси орқали (қонуний ёки қонунга хилоф тарзда) топтайди ёки бошқа тарзда ўтказади ёхуд шахсни унинг эркига зид равишда хорижий давлат ҳудудида ушлаб туради.
Жабрланувчини чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб туриш унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтиши ёки Ўзбекистон Республикаси дипломатик ёки консуллик муассасалари билан алоқа боғлаш имкониятидан маҳрум қилганида намоён бўлади.
. Таъкидлаш лозимки, Жиноят кодексининг 135-моддаси учинчи қисми «б» банди бўйича жиноий жавобгарлик, фақат одам савдосида объект сифатида иштирок этган шахс ўлими ёки бошқа оғир оқибатлар эҳтиётсизлик оқибатида етказилган тақдирдагина келиб чиқади.
Бошқа оғир оқибатлар сифатида, жумладан, жабрланувчининг ўзини ўзи ўлдириши, унга таносил ёки ОИТС касали юқтирилганлиги, руҳий ҳолати бузилиши ва ҳ.к. тан олиниши мумкин.
Қонун мазмунига кўра, алдаш йўли билан содир этилган олиш-сотиш, шунингдек, одамни эксплуатация қилиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тариқасидаги одам савдоси Жиноят кодексининг 135-моддаси диспозицияси билан қамраб олинади ва Жиноят кодексининг 168-моддаси билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди, Жиноят кодексининг 168-моддаси учинчи қисми «а» банди бундан мустасно.
Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, одам савдоси жинояти Жиноят кодексининг 135-моддаси иккинчи қисмининг «ж», «з», «и», «к» бандлари, учинчи қисмининг «б» банди билан квалификация қилинганда, қилмишни Жиноят кодексининг мазкур жиноятлар учун жавобгарлик белгиловчи моддалари билан қўшимча квалификация қилишга, фақат қонуннинг бошқа нормасида Жиноят кодексининг 135-моддаси тегишли қисми санкциясида белгиланган жазодан оғирроқ жазо белгиланган ҳоллардагина йўл қўйилади.
Агар одам савдосида шахс баданига қасддан оғир шикаст етказилган бўлса, қилмиш Жиноят кодексининг 135-моддаси иккинчи қисмининг «а» банди билан қамраб олинмайди. Бундай ҳолларда айбдорнинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 104-моддаси тегишли қисми билан қўшимча квалификация қилиниши лозим.
Одам савдосига оид ишларни кўришда судлар мазкур жиноят содир этилишига имкон яратган барча шахслар жавобгарликка тортилган тортилмаганлигини синчковлик билан текширишлари лозим. Айни пайтда иш бўйича шахснинг қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқланган тақдирда, судлар жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдиришлари лозим.
Жиноят ишлари бўйича
Шаҳрихон туман суди раиси А.Дадаханов