Бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланган.
Жорий йилимизнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб эълон қилиниши ҳам фикримизга яққол мисол бўла олади. Келажагимиз эгаларининг муаммо ва таклифларини ўрганиш, уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жойларда турли учрашувлар, юзма — юз мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Бугун Шаҳрихон туманида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ва Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахоновлар иштирокида «Раҳбар ва ёшлар учрашуви» ўтказилди. Унда вақтинча бандлиги таъминланмаган ёшлар, мактаб битирувчилари, санъат ихлосмандлари, тумандаги масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирок этдилар.
Йиғилишда вазир мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ёшларга яратилаётган шароитлар, берилаётган имтиёзлар хусусида атрофлича сўз юритди. Шунингдек, тадбирда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус ижросини таъминлаш, жойларда маданият марказлари фаолиятини жонлантириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни тўгаракларга кенг жалб этиш, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бугунги куннинг энг муҳим вазифалари эканлиги таъкидланди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган учрашувда ёшлар томонидан билдирилган таклиф ва муаммолар тингланди. Мазкур масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан тегишли масъулларга вазифалар топширилди.
Шаҳрихон тумани ҳокимлиги
Матбуот хизмати