ТАШҚИ ИҚТИСОДИЙ ФАОЛИЯТНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШДА БОЖХОНА ОРГАНЛАРИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

Ижтимоий-сиёсий

Бугунги кунда Ўзбекистон божхона тизими мустаҳкам ҳуқуқий негизга, божхона назоратининг замонавий техник воситалари ва технологияларига, билимли ва фидоий кадрларига, ўз ўқув базасига эга бўлди. Божхона органларининг республика давлат назорати ва бошқарувининг мустақил тузилмаси сифатида шаклланиши ва фаолияти сифат жиҳатидан бутунлай янги босқичга кўтарилди. Ҳозирда такомиллашган, жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган инфратузилмага эга бўлган божхона хизмати мамлакатимиз иқтисодий суверенитетини ҳимоя қилишни таъминлайдиган энг муҳим давлат бошқаруви институтларидан бирига айланди.

       Республикамизда олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш,  давлат ва жамият ривожини янги босқичга кўтариш,  иқтисодиётни модернизация қилиш мақсадида мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947 сонли Фармони эълон қилинди. Ушбу Фармон билан белгилаб берилган асосий устивор йўналишлар ва вазифалар асосида божхона органларида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш бешта асосий устивор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мамлакат иқтисодиётини либераллаштириш ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш билан узвий боғлиқ жараёндир. Ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш деганда, энг аввало, экспорт-импортни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда хўжалик юритувчи субъектларининг эркинлиги ва иқтисодий мустақиллигини ошириш, ташқи савдони тартибга солишда маъмурий усулларини оптималлаштириш ва соддалаштириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этилиши тушунилади.Бу борада божхона органларида ҳам охирги йилларда қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, жумладан буларга божхона тизимида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва интерактив хизматлар кўламини кенгайиши, чегаралардан товар олиб ўтишда «қизил» ва «яшил» йўлакларни жорий этилиши,  шунингдек божхона фаолияти бўйича ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар такомиллашаётганлиги мисол бўла олади.Бунинг натижасида соҳада, божхона расмийлаштирувидаги тартиб-тамойиллар қисқариб, жаҳон андозаларига яқинлашмоқда.

    Божхона қонунчилигидаги ушбу ўзгаришларнинг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида божхона назорати ва расмийлаштирувининг мураккаб тартиб-таомиллари ҳамда уларнинг узоқ муддатларини қисқартириб, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширилишида турли бюрократик ғовларнинг бартараф этилиши ҳамда божхона тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминланишига катта ҳисса қўшади.Шунингдек, мамлакатимиз божхона тизимидаги ушбу ўзгаришлар Бутунжаҳон Божхона Ташкилоти томонидан 2005 йил 23 июнда қабул қилинган «Жаҳонда савдони енгиллаштириш ва хавфсизлик стандартлари» талабларини қўллашни янада тезлаштиради.

        Юқоридагилардан келиб чиқиб, божхона органларини шаффофлигини  ва  фаолияти самарадорлигини янада ошириш мақсадида биринчи навбатда қуйидагиларни амалга ошириш таклиф этилади.

      — божхона расмийлаштируви давомида божхона тартиб-таомилларига кетадиган вақтни илмий асосда ўрганиб бориш ва бу борада  ривожланган давлатлар божхона соҳасидаги илғор тажрибаларни ва иновацион технологияларини қўллаш натижасида божхона расмийлаштирувига кетадиган муддатни, сарф-харажатни қисқартириб бориш;

      —  божхона расмийлаштируви давомида хавф-хатар тизимини қўллаш бўйича халқаро илғор тажрибалар асосида меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш ва божхона органига кадрлар тайёрлашда ушбу йўналиш бўйича ўқув дастурлари ва маъруза матнларига ўзгартириш киритиш;

      — бугунги кунда жаҳон бозорида конъюнктура ўзгариб, рақобат тобора кучайиб бораётганини ҳар томонлама ҳисобга олиб, божхона тўловлари ставкаларини белгилаш услубиётини  ишлаб чиқиш ва ушбу асосда  божхона тўловлари ставкаларини доимий равишда оптималлаштириб бориш таклиф этилади.

      Юқоридагиларни ҳисобга олиб, божхона фаолияти бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш киритиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириб, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш самарадорлигини янада оширади.

 Андижон вилояти божхона бошкармаси

  Асака ташки иктисодий фаолият божхона пости инспектори   

 божхона хизмати катта лейтенанти Тешабоев Нодирбек

Добавить комментарий