“Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди.
Фармонга мувофиқ, “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилади.
Реестрга киритилган шахсларга қуйидагилар тақиқланади:
— Давлат хизматига қабул қилиниши ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши;
— Сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши;
— Давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзолигига киритилиши;
— Уларнинг тадбиркорлиги давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик битимида иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиши;
— Давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш.
Давлат хизматчилари даромадлари ва мол-мулки декларация қилинади.
Фармонга кўра, 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилади.
Декларацияни беришдан бош тортиш ва қасддан нотўғри маълумотларни киритиш уни давлат хизматидан четлаштиришга ва жавобгарликка сабаб бўлади.
2022 йил 1 январдан давлат хизматчиларига хорижда банк ҳисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.
Мансабдорнинг ўз шахсий манфаати мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади.
Манфаатлар тўқнашувини ошкор қилиш ва олдини олиш бўйича чора кўрмаганлик жавобгарликни келтириб чиқаради.
Қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилади:
— Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш;
— Коррупциявий жиноятларга жазони узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш;
— Даромадлар ва мол-мулкни декларациялашда аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш;
— Коррупциявий жиноятлар содир этганларга енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш;
— “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги;
— “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги.
Давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади
“Коррупцияга қарши курашиш фаолиятини самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2021 йил 1 сентябрдан давлат органлари ва ташкилотлари ходимлари онлайн очиқ танлов асосида ишга қабул қилинади.
2021 йил 1 октябргача коррупция, манфаатлар тўқнашуви асосида тузилган шартномаларни ҳақиқий эмас дебтопиш, давлат хизматчилари томонидан тадбиркорликда қатнашиши ҳуқуқий оқибатларини белгиловчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
2021 йил 1 октябрдан барча давлат органлари ва ташкилотлари, вилоят ҳокимликларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилади.
2021 йил 1 авгyстдан давлат харидлари соҳасидаги тендерлар натижалари очиқ эълон қилинади.
Давлат харидларида ҳамкорлар (контрагентлар)ни текшириш тартиби ишлаб чиқилади.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 2021 йил 1 декабрдан ҳар йил якуни бўйича коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг эълон қилиб борилади.
2021 йил 1 декабргача даромад ва мол-мулк декларациялари бўйича маълумотлар базаси шакллантирилади.
2021 йил 1 октябргача давлат маблағлари ҳисобига қурилиш-пудрат шартномаси учун ўтказиладиган танловлар “Шаффофқурилиш” тизими маълумот алмашинувини таъминлаган ҳолда давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталида электрон тарзда амалга оширилади.
2022 йил 1 январгача автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотларни ўз ичига оладиган “SHAFFOF YO‛L” онлайн ахборот платформаси ишга туширилади.
2022 йил 1 январдан бошлаб “ҳалоллик вакцинаси” тамойили асосида давлат хизматчилари мунтазам коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитилади.
Б.САИДОВ,
Шаҳрихон тумани адлия бўлими бошлиғи.