САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШДИ

Ижтимоий-сиёсий

Маълумки, 2021 йилнинг 8 февраль санасида Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Ушбу қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Президентликка сайлов, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига,  Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди.

Шунингдек, сайловларни ўтказиш бўйича сайлов участкалари туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан, туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловини ўтказиш бўйича сайлов участкалари эса туман, шаҳар сайлов комиссиялари томонидан тузилади (илгари сайлов участкалари туман ва шаҳарлар ҳокимликлари тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилган).

Эндиликда халқ депутатлари туман, шаҳар  Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари тузилмайди (бундан халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши мустасно).

Сиёсий партияларнинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағларининг бир номзод ҳисобига тўғри келадиган миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини молиялаштириш учун ажратиладиган давлат маблағлари шу партиядан кўрсатилган номзодлар рўйхатга олинганидан кейин рўйхатга олинган номзодлар сонига мувофиқ ҳажмда сиёсий партиянинг ҳисоб-китоб варағига белгиланган тартибда ўтказилади.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхати мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилади.

Тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади.

Чет давлатларда турган фуқаролар ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка  сайлов комиссияларига ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари:

чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади;

сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади.

Шу билан бирга,давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг; Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг; сайлов комиссиялари аъзоларининг; диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориши тақиқланади.

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мансабдор шахсларига ўз мансаб ва хизмат мавқеидан сайловолди ташвиқоти вақтида ҳар қандай сиёсий партиянинг ёки номзоднинг фойдасига ёхуд унга қарши фойдаланиши тақиқланади.

Хуршидбек ИСОМИДДИНОВ,

фуқаролик ишлари бўйича Бўстон

туманлараро суди судьяси.

Добавить комментарий