ПРЕЗИДЕНТ ҚАРОРЛАРИНИНГ ЖОЙЛАРДА ИЖРОСИНИ ТАЪМИНЛАШ МАҚСАДИДА ЮРИДИК ХИЗМАТ КЎРСАТИШ МАРКАЗЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛМОҚДА

Ижтимоий-сиёсий

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 29 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5168-сон қарори билан Республиканинг барча ҳудудларида 2021 йил
1 октябрдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузурида юридик хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилиши белгиланган.

Шунингдек, мазкур қарорда давлат ташкилотларига юридик хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча маълумот ва жараёнларни тўлиқ электрон равишда йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ва амалга ошириш имконини берувчи “E-huquqshunos” электрон тизимини босқичма-босқич жорий этилиши кўрсатилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида адлия вазирлигининг тегишли буйруғи билан ҳудудларга адлия вазирлигининг масъул ходимлари ҳамда “Unicon Soft” МЧЖ дастурчиларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудларга ташриф режа-графиги тасдиқланган.

Хусусан, мазкур режа-графикка асосан жорий йилнинг 20 сентябрь куни ишчи гуруҳ Андижон вилоятига ташриф буюриб, ташриф жараёнида Андижон шаҳар, Андижон, Балиқчи, Бўстон, Улуғнор ва Пахтаобод туманларига бориб, жойларда ташкил қилинаётган Юридик хизмат кўрсатиш марказлари бинолари, у ерда марказ ходимлари учун яратилган шароитлар ва мавжуд моддий техника жихозлари билан танишдилар.

Бундан ташқари, вазирликнинг ишчи-гуруҳ аъзолари томонидан жойларда ўқув-амалий семинар машғулотлари ташкил этилиб, семинарда юридик хизмат кўрсатиш марказларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари, мақсади, қулайлиги, соҳа вакилларига қўйилаётган меъёрлар, ташкилот ва муассасалар билан ҳуқуқий ахборот алмашинувининг замонавий механизми ҳақида маълумот бериб ўтилди. Шунингдек, марказ ходимлари ва марказ томонидан юридик хизмат кўрсатувчи ташкилот ходимларига “E-huquqshunos” электрон тизимида ишлаш ва ундан фойдаланиш юзасидан батафсил тушунтиришлар бериб, барча ташкилот масъул ходимларига “E-huquqshunos” электрон тизимида ишлаш учун махсус электрон рақамли имзолар тарқатилиши таъминланди.

М. АХМАТОХУНОВ,

 вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизмат фаолиятларини мувофиқлаштириш бўлими бош маслаҳатчиси в.б.

Добавить комментарий