САЙЛОВ ҚОНУНЧИЛИГИГА ҚАНДАЙ ЎЗГАРТИШЛАР КИРИТИЛГАН?

Uncategorized

Инсон ҳуқуқлари — бу бутун инсониятнинг интилишлари, орзу-умидларини ўзига жамлаган кенг қамровли тушунча бўлса, фуқаронинг сиёсий ҳуқуқлари унинг ажралмас қисмидир. Сиёсий ҳуқуқларни таъминлаш эса, энг аввало очиқ ва ошкора ташкил этиладиган сайловларда намоён бўлади. Давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ–691-сон, 31.05.2021 й.) имзоланди. Унга кўра, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари ва қарорлари устидан берилган шикоятлар фақат судлар томонидан кўриб чиқилади. Президент сайловини ўтказиш бўйича округ сайлов комиссияси 8–18 аъзодан иборат таркибда тузилади. Илгари 6-8 нафарни ташкил этар эди. Эндиликда сайлов бюллетенига номзоднинг эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш жойи киритилмайди. Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш тартиби белгиланди. Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида сайловчиларнинг рўйхати мазкур муассасалар бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида тузилиши белгилаб олинди. Тузилган участка сайлов комиссиялари чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилади. Чет давлатларда турган фуқаролар ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига ёки Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин. Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссиялари: чет давлатларда турган фуқароларнинг уларни сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатида кўрсатилган шахсга доир маълумотларни текширади ва фуқарони сайловчилар рўйхатига киритиш ҳақидаги масалани ҳал қилади; сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Ташқи ишлар вазирлигига тақдим этади. Ташқи ишлар вазирлиги сайловчилар рўйхатига киритилган фуқаролар ҳақидаги маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига тегишли тузатишлар киритиш учун тақдим этади. Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8.00 дан 20.00 гача ўтказилади.

Э.ЖУЛИЕВ, Булоқбоши тумани адлия бўлими бошлиғи.

Добавить комментарий