КОРРУПЦИЯ- ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Ижтимоий-сиёсий

Бугунги кунда жаҳон миқёсида коррупцияга қарши жиддий ва кескин кураш олиб боришни вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Қайси бир соҳада ривожланиш, тараққиёт рўй бермаётган экан, унинг асл сабаби мазкур салбий иллатга бориб тақалади.

Коррупция мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлидаги жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда. Дунёнинг илғор давлатлари унга қарши миллий даражадаги чора-тадбирларни қўллаш билан бир қаторда, халқаро миқёсдаги дастурларни амалга оширишда ҳам фаол  иштирок этиб келяпти. Халқаро валюта жамғармасининг ҳисоб-китобларига кўра, коррупция туфайли жаҳон иқтисодиёти йилига ўртача 1,5-2 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўради.

Мамлакатимизда бу иллатга қарши кескин кураш бошланган. Айниқса, «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонун ва Президентимизнинг «Коррупцияга қарши   курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг  қабул қилингани бу борада амлага оширилаётган кенг кўламли ишларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Бунга қадар республикамизда коррупцияга қарши қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинган, чоралар кўрилган бўлса-да, давлат бошқарувини халқ олдида обрўсизлантирувчи бу ҳуқуқбузарликка қарши тизимли ва самарали кураш учун зарур бўлган бир қатор омиллар етишмаётган эди. Бу кўп жиҳатдан соҳага оид ҳуқуқий нормаларнинг етарли даражада такомиллашмагани, ҳатто коррупция тушунчаси қонунчиликда аниқ-равшан белгиланмагани, қонунларда бу борадаги сиёсат, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар аниқ кўрсатиб ўтилмаганига бориб тақаларди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда бу иллатга қарши тизимли кураш олиб боришнинг қонуний асосларини  такомиллаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Қонун билан тизимлилик, давлат ва фуқаролик жамияти ҳамкорлиги, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар устуворлиги, жавобгарликнинг муқаррарлиги коррупцияга қарши курашнинг асосий принциплари сифатида белгилаб қўйилди. Коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қонун даражасида мустаҳкамланди.

Инглиз-ирланд давлат арбоби Эдмунд Бэрк: «коррупция барқ ураётган жамиятда озодлик узоқ вақт ҳукм суриши мумкин эмас», деган фикрни билдирган эди. Дарвоқе, бутун тарих давомида мамлакатлар ўз мустақиллигини бой беришига нафақат жангу жадаллардаги мағлубиятлар, балки амалдорларнинг сотқинлиги, ўз манфаатларини жамият манфаатларидан устун қўйгани, яъни коррупция ҳам сабаб бўлган.

Дарҳақиқат, коррупция-вайронкор куч, унинг оқибатида миллий иқтисодиёт издан чиқади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади, ҳокимиятга ишонч йўқолади, жамият маънавияти бузилади. Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи-юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Сабаби бу иллатни йўқотмас эканмиз халқимизнинг рози-ризолигига, юртимиз равнақи, иқтисодиётимиз ўсиши ва энг муҳими жамиятимизда адолат туйғусини қарор топтириб бўлмайди.

Ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан, коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни барча соҳа ва жабҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотларининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланади. Шундай экан барчамиз ушбу иллатнинг авж олишига, ҳуқуқ ва манфаатларимизнинг бузилишига йўл қўймаслигимиз лозим.

Умид СОЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани судининг судьяси.

Добавить комментарий