Савол: технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги (100-модда иккинчи қисмининг 1-банди) сабабли ишчи-ходимларнинг ҳаммасига огоҳлантириш бериш шартми ёки фақат штат қисқарадиган ходимнинг ўзига бериш керакми?
Жавоб: ташкилотларда қисқартириш масаласи кўтарилса, иш берувчилар вақтдан ютиш учун ҳамма ходимларга, бўшатиладиганига ҳам, бўшатилмайдиганига ҳам огоҳлантириш бериб чиқади. Бу нотўғри албатта.
Сабаби, Меҳнат кодексининг 102-моддаси 1-қисмига асосан:
— ходим билан меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлигини сабабли бекор қилинадиган бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни камида 2 ой аввал ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт.
Яъни, бунда меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги 2 ой аввал бериладиган огоҳлантириш фақатгина меҳнат шартномаси бекор қилинадиган ходимларга нисбатан қўлланилади, меҳнат шартномаси бекор қилинмайдиган ходимларга эмас.
Шундай экан, биз мазкур вазиятда ҳамма ходимларга бирваракайига огоҳлантириш хати берилишини ноқонуний деб ҳисоблаймиз.
Фақатгина штат бирлиги қисқарадиган ва шу сабаб билан ишдан бўшатиладиган ходимлар огоҳлантирилади холос.
Саволга Хўжаобод тумани юридик хизмат кўрсатиш маркази бошлиғи С.Раҳимов жавоб берди.