Коррупция нафақат Республикамиз, балки ер юзидаги барча мамлакатлар тараққиётига салбий таъсир этаётган, ҳаммани бирдек ташвишга солаётган муаммо ҳисобланади.
“Афсуски, жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўриниши билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, Такрор ва такрор айтаман, бу иллатни йўқ қилмасак, бирорта тармоқ ривожланмайди, Тадбиркор ҳанузгача ер ажратиш, кадастр, қурилиш, лицензия, божхона, давлат харидлари каби соҳаларда коррупцияга дуч келмоқда”, деган эдилар Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев.
Дарҳақиқат, Президентимиз айтганларидек, жамиятимизда коррупциянинг олдини олмасак барча соҳада ривожланиш секинлашади.
Коррупция ўзи нима? “Коррупция” лотинча сўз бўлиб, «бузмоқ, порага сотилиш, айниш, порахўрлик, заҳарлилик, зарар ва парчаланиш» деган маъноларни англатади. Яъни, коррупция — сиёсат ва давлат бошқаруви соҳасидаги ижтимоий хавфли ҳодиса, давлат функцияларини бажариш ваколатига эга бўлган ёки уларга тенглаштирилган шаxсларнинг ноқонуний тарзда моддий ва бошқа бойликлар, имтиёзларни олишда ўз мақоми ва у билан боғлиқ имкониятлардан фойдаланиши, шунингдек, бу бойлик ва имтиёзларни жисмоний ёки юридик шахслар қонунга хилоф равишда эгаллашига имкон беришидир. Коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емириши жаҳондаги баъзи давлатлар тажрибасидан яхши маълум.
“Коррупция” ҳодисасининг тарихи бир неча минг йилликларга бориб тақалади. Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, қоррупция эрамиздан аввалги Шумер подшолиги даврида ҳам мавжуд бўлган. Коррупцияга қарши курашган биринчи давлат сифатида ҳам Шумер давлати тан олинади. Инсоният яратилибдики, мазкур тушунча у билан ёнма-ён яшайди, унга қарши мунтазам равишда кураш олиб боради. Ҳар бир даврга монанд равишда коррупцияга қарши курашиш усуллари турлича кечади. Инсоният тарихидан далолатки, бу иллатнинг таг-томири билан буткул йўқотиш имкони йўқ. Фақат уни камайтириш имконияти мавжуд холос, ҳаттоки айрим давлатларда, масалан Хитой Халқ Республикасида коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан, яъни жуда кўп миқдорда пора олганлиги учун жорий этилган ўлим жазоси ҳам ҳали ҳануз инсонларни бундай ҳолатларга йўл қўйиш ҳолатларидан қайтара олгани йўқ. Чунки инсоният бор экан, коррупцияга мойиллик, шу йўл билан ўз шахсий манфаатларини тезкор ва қулайроқ усул орқали амалга ошириш давом этаверади.
Хўш ривожланган баъзи давлатларда коррупция билан қандай курашилади.
Сингапур, 1965 йилда мустақилликка эришгач, коррупция даражаси энг юқори бўлган давлатлар қаторида турар эди. Лекин бу иллатга қарши ўтказилган бир қатор тадбирлар бу давлатда қоррупциянинг минимал даражага тушишига олиб келади. Биринчи навбатда бу ерда бюрократик жараёнлар енгиллаштирилиб, судьяларнинг даромадлари ва имтиёзларни ошириш эвазига суд тизимининг мустақиллиги оширилди. Шу билан бирга қоррупция жиноятлари учун санкциялар оғирлаштирилиб, фуқароларга коррупцияга қарши жиноятларни тергов қилишда ҳамкорлик қилишдан бош тортганлиги учун жуда катта молиявий санкциялар белгиланди. Бир қатор давлат идораларида оммавий “тозалашлар” ўтказилиб, бу жараёнлар телеканаллар орқали бутун мамлакатга намойиш қилинди. Давлат хизматчиларининг ахлоқ стандартларига риоя этиши қаттиқ назорат остига олинди. Мазкур тадбирларнинг барчаси Сингапур давлатини қисқа муддатларда қоррупция даражаси энг паст мамлакатлар рўйхатидан илғор давлатлар қаторига олиб чиқди. Мазкур давлатлар пора олишдан бош тортган амалдорларга мукофотлар тарқатилади. Сингапур давлатида кўплаб хизматларни масалан, паспорт ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни уйда зарур шаклларда тўлдириб, тегишли органларга электрон почта орқали юбориш орқали олиш имконияти мавжуд. Ҳукумат бундай хизматларни Интернет орқали тақдим этиши одатий тарз сифатида қабул қилинади. Шуни таъкидлаш керакки, агар фуқаро ушбу хизматларни олиш учун муассасага шахсан ташриф буюрса, у ҳолда ушбу муассасага алоҳида эҳтиёжсиз келганлиги учун унга жарима солинади.
Японияда эса давлат сектори ходимларининг виждонан фаолият олиб бориши тегишли органлар томонидан доимий равишда баҳолаб борилади.
Жанубий Кореяда ҳукумат вақти-вақти билан давлат хизматчиларини имтиҳондан ўтказиб туради. Давлат хизматчиларининг 5 чи даражасини олиш учун ўтказиладиган имтиҳон уч босқичдан иборат бўлиб, давлат хизматчиларининг ҳуқуқ, тарих, чет тили ва бошқа фанлар бўйича билимлари текширувдан ўтказилади. Иккинчи босқичда номзодларнинг касбий малакаси ва билимлари, учинчи босқичда номзоднинг шахсий хусусиятлари синовдан ўтказилади.
АҚШда репортёр журналистлар коррупцияга қарши курашда энг самарали жамоат назоратини ўрнатган.
Ҳисоб-китобларга кўра айни дамда дунёда кўплаб жиноятларга сабаб бўлаётган нафс балоси, яъни коррупция ва порахўрлик натижасида йилига 1 триллион доллардан ортиқ маблағ ўзлаштирилар экан. Бу зарар ҳисобланганда, ўзга мулк, пулни ўзлаштириш ва бунга тегишли бошқа жиноий ҳаракатлар инобатга олинмагани коррупция муаммолари билан шуғулланувчи «Transparency International» ташкилотининг маълумотларида таъкидланган. Шу боис коррупция ва порахўрликни ҳеч иккиланмай «тараққиёт кушандаси» деб аташ мумкин.
Ҳатто Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) ҳам бу иллатларни энг глобал муаммолардан бири сифатида эътироф этиб, уларга қарши курашиш масалаларига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Хусусан, БМТнинг 2003 йил 31 октябрда қабул қилинган Коррупцияга қарши конвенцияси халқаро-ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унинг лойиҳаси икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат иштирокида муҳокама этилган эди. Унда коррупцияга қарши халқаро ва миллий кураш амалиётини йўлга қўйиш ҳамда уларни амалга ошириш механизмлари белгилаб берилган. Ўзбекистон ушбу конвенцияга 2008 йил 7 июлда қўшилган.
Маълумки, 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги қонунини мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш борасида ташланган дадил қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу қонунга мувофиқ Жиноят кодексининг 211- ва 212-моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Масалан, 211-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага биноан «Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади». Шунингдек, 212-модданинг 3-қисмига киритилган қўшимчага асосан «Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади». Яъни, пора берган ва пора олиш-беришда воситачилик қилган шахснинг ўз айбига иқрор бўлиб хабар бериши ушбу оғир жиноятнинг пайини қирқишга хизмат қилади.
Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда мазкур иллатнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга ошириляпти, ушбу тоифадаги жиноятчиларга нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда. Давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг коррупция домига тушиб қолмасликларини таъминлаш, уларнинг бебошлигига йўл қўймаслик мақсадида ҳукуматимиз томонидан узоқ муддатли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилган бўлиб, уларнинг ижроси доимий назорат қилиняпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 3 январь куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга қарши курашиш борасида энг муҳим қадам бўлди. Ушбу қонун 34 моддадан иборат бўлиб, унда коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурлари ва бошқа дастурлар, коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи давлат органлари ва уларнинг бу борадаги ваколатлари, коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиялар ва уларнинг ваколатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқароларнинг ва оммавий ахборот воситаларининг коррупцияга қарши курашишда иштирок этиши, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси, судларнинг мустақиллиги ва эркинлигини, улар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш, жавобгарликнинг муқаррарлиги масалалари белгилаб қўйилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга жорий этилган мазкур қонун моҳият-эътибори билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда ғоятда муҳим ўрин тутади. Ўз навбатида Президентимизнинг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6013-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта ташкил этилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра биргина 2020 йил давомида давлат бюджетидан мақсадли фойдаланиш, шу жумладан давлат харидлари соҳасида ўтказилган ўрганишлар натижалари бўйича жами 90,5 млрд. сўмлик 2.808 та ҳолатларда молиявий хато ва камчиликларга йўл қўйилганлигини аниқлади.
Шунингдек судлар томонидан 2020 йил давомида жами 2270 нафар шахсга нисбатан коррупция билан боғлиқ 1502 та жиноят иши кўриб чиқилган. Коррупцион жиноятларини содир этилишига асосан моддий манфаатдорлик (30 фоиз), бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги (28 фоиз) ва ижтимоий таъминланмаганлик ёки адолатли меҳнат шароити йўқлиги (12 фоиз) сабаб бўлган.
Бир сўз билан айтганда, айни пайтда мамлакатимизда жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Фақат бу жараёнда юртдошларимиздан ҳушёрлик ва масъулият талаб этилади, холос. Шундагина мамлакатимиз бундан-да тараққий этиб, одамларимизнинг турмуши фаровонлашиб бораверади.
З.ТОХТАСИНОВ,
Андижон туманлараро
маъмурий судининг судьяси.