СЎРАНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ!

Ижтимоий-сиёсий

Савол: Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб беришга ариза юбориш тартиби қандай?

         Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) тўплаган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартибини жорий этиш тўғрисида” 2021 йил 13 апрель кунги 209-сонли қарори билан Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб беришга ариза юбориш тартиби  белгиланган бўлиб, мазкур қарорга мувофиқ хизматдан имтиҳон топшириш пайтида 31 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган жисмоний шахслар (16 ёшга тўлмаган шахс номидан мурожаат қилган қонуний вакил) фойдалана олишлари мумкин.

         Хизматни кўрсатишда қуйидаги  ҳужжатлар керак бўлади:

         ●  Сўровнома

         ● Имтиҳон топшириш харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси

         ●  Хорижий тил билиш даражасини белгиловчи  сертификат

         Хизматни кўрсатиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

         Ариза берувчи махсус сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун мобайнида исталган туман (шаҳар) ДХМга мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиб мурожаат қолдиради.

         Сўровнома тўлдирилиб, унга тегишли ҳужжатлар (имтиҳон топшириш харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси, махсус сертификат) электрон тарзда pdf форматда илова қилинади.

         Мурожаат қилиш жараёнида ариза берувчи компенсацияни олиш учун ўзига қулай ҳудуддаги Халқ банки филиалини танлайди.

         Ёшлар ишлари агентлиги ариза берувчининг мурожаати ЯИДХП орқали тушган пайтдан бошлаб 15 календарь кун мобайнида махсус сертификатни верификациядан ўтказади. Махсус сертификатнинг ҳақиқийлиги верификация орқали аниқлаш имкони бўлмаса, махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашни сўраб ваколатли хорижий ташкилотга сўров юборади.

         Махсус сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганда Агентлик 15 кун мобайнида махсус сертификат эгаси бўлган ариза берувчиларнинг реестрини шакллантириб, унга мувофиқ компенсация маблағларини Халқ банкининг ҳисоб варағига молиялаштиради ва хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС хабар юборади.

         Хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС юборилгандан сўнг Халқ банки филиали ариза берувчининг компенсация пулини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаган ҳолда белгиланган компенсация тўловини амалга оширади.  Хизматни кўрсатиш бепул тарзда 30 кун мобайнида амалга оширилади.

  Б.САИДОВ,

 Шаҳрихон тумани адлия

бўлими бошлиғи.

Добавить комментарий