Бугунги кунда фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг давлат ҳаётидаги ўрни ошиб бораётгани эътиборга моликдир. Очиқ маълумотларга кўра, айни пайтда мамлакатимизда жами 9727 та нодавлат нотижорат ташкилоти рўйхатдан ўтиб, фаолият юритмоқда.
«Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига биноан, рўйхатдан ўтказувчи органга, давлат солиқ хизмати органларига ва давлат статистикаси органларига ўз фаолияти тўғрисида белгиланган тартибда ҳисоботлар тақдим этиш нодавлат нотижорат ташкилотнинг мажбуриятларидан бири саналади.
Амалдаги қонунчиликда нодавлат нотижорат ташкилоти ҳар йили 1 февралгача тегишли адлия органига ўтган йилдаги ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шакл бўйича топшириши белгиланган.
Адлия вазирининг «Нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан адлия органига тақдим этиладиган ҳисобот шаклини тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи (2018 йил 27 июнь, рўйхат рақами 3027) билан ҳисобот шакли тасдиқланган. Амалдаги тартибга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлар, шу жумладан уларнинг алоҳида бўлинмалари, бош ташкилоти Ўзбекистон Республикасидан ташқарида жойлашган халқаро нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари ҳисоботларни ўз танловларига кўра электрон шаклда электрон рақамли имзо билан тасдиқлаган ҳолда тегишли адлия органининг расмий сайти орқали тақдим этишлари мумкин.
Ҳозирги кунда аксар ҳисоботлар Адлия вазирлигининг нодавлат нотижорат ташкилотлари портали–“э-нго.уз” сайти орқали топширилаётганлиги аҳамиятлидир.
Шу ўринда, «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодексининг 239-моддаси олтинчи қисмида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни рўйхатдан ўтказувчи органга тақдим этмаслиги, ўз вақтида тақдим этмаслиги ёки белгиланмаган шаклда тақдим этиши, ўз фаолияти тўғрисида била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этиши, худди шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг ахборотни, шу жумладан улар томонидан мол-мулк ва пул маблағларидан фойдаланилиши тўғрисидаги тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этмаслиги мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлишини таъкидлаш лозим.
Қ. УСМАНОВ,
Андижон вилояти адлия бошқармаси
катта маслаҳатчиси.