АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ҚАНДАЙ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ?

Жамият

Мазкур жараён уч босқичда амалга оширилади. Биринчи босқич, тайёргарлик босқичи бўлиб, 2-3 йилга яқин вақт давом этади.

Тайёргарлик жараёнидаги энг муҳим масала, аҳолини рўйхатга олишда фаол иштирок этиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб бориш, реклама роликлари, логотип ва шиорлар ишлаб чиқиш ҳамда бошқа шу каби тадбирлар амалга оширилади.

Яна бир муҳим вазифалардан бири бу –шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режаларини ва маъмурий туманлар хариталарини тайёрлаш ҳамда аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ҳисобланади. Бунда маҳалла, қишлоқ ва овулларнинг чегаралари, кўчаларда ном белгиларининг ўрнатилганлиги, турар ва нотурар жойларнинг аниқ сони ҳамда уйларнинг рақамланганлиги аниқлаштириб олинади.

Тайёргарлик босқичида аҳолини рўйхатга олиш билан боғлиқ ҳужжатлар, жумладан, рўйхатга олиш варақалари, рўйхатга олишни ташкил этиш ва ўтказиш, унинг натижаларини олиш ва эълон қилиш методологияси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, рўйхатга олувчиларни танлаш ҳам энг муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Чунки маълумотларнинг тўғрилигига бевосита айни улар масъул бўлади ва шакллантирилган маълумотлар реал бўлиши шарт. Бу жараёнга ҳар хил ёшда ва касбда бўлган шахслар жалб этилиши мумкин. Биринчи навбатда, Давлат статистика қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари ходимлари, олий таълим муассасалари ўқитувчилари ва юқори босқич талабалари, академик литсейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари, шунингдек, бошқатоифадаги шахслар ҳам, улар мазкур жараёнда иштирок этишга рози бўлган тақдирда, жалб қилиниши мумкин.

Давлат статистика қўмитаси томонидан туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда жойларда рўйхатга олувчи ходимларни ўқитиш бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади ва зарурат туғилса, уларга қўшимча маслаҳатлар берилади.

Иккинчи босқич, асосий босқич бўлиб, бу тахминан 10-60 кунгача давом этади. Бунда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади, яъни аҳоли тўғрисидаги маълумотлар йиғилади, назорат текшируви ўтказилади ва аҳолини рўйхатга олиш материаллари топширилади.

Мамлакатимизда 2023 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири анъанавий усулда, яъни рўйхатга олувчи шахслар томонидан ҳудудларда уйма-уй кирган ҳолда,юзма-юз суҳбат асосида, қоғоз шаклидаги рўйхатга олиш варақаларини тўлдириш орқали амалга оширилади.

Добавить комментарий