Мамлакатимизда диний ташкилотларнинг фаолият юритиши учун
норматив-ҳуқуқий база мунтазам равишда такомиллаштирилиб борилмоқда ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, 2021 йил 5 июлда Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинган.
Мазкур қонун виждон эркинлиги меъёрларини аниқ кўрсатиб, фуқароларнинг хоҳлаган динга эътиқод қилиши ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай динга зўравонлик билан киритишни тақиқлайди.
Қонунни тайёрлашда шу борадаги халқаро меъёр ва талаблар, биринчи навбатда, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳамда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг умумий тартибдаги шарҳлари пухта ўрганилиб, улардаги асосий қоида ва тамойиллар инобатга олинган.
Қонун бир нечта муҳим янгиликлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришни ўз ичига олган. Ушбу муҳим ўзгаришлардан бири бўлган диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон шаклда, инсон омилисиз амалга оширилишининг жорий этилиши ушбу қонуннинг ҳозирги давр талаблари доирасида ишлаб чиқилганлигининг яна бир исботидир.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
4 мартдаги “2021-2025 йилларда “Фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”ни тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига кўра, фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари сифатида нодавлат нотижорат ташкилотларининг рўйхатга олувчи орган билан боғлиқ барча давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш белгиланган.
“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг
15-моддасида диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) хизматлар адлия органларининг электрон тизими орқали кўрсатилиши белгиланган.
Мурожаат қилувчи электрон тизимга кирганидан кейин ўзининг шахсий кабинетидаги тегишли мурожаат турини танлайди, маълумотларни
босқичма-босқич киритади ва ҳужжатларни электрон тизим орқали юборади.
Ушбу тизимнинг жорий қилиниши натижасида давлат хизматларини кўрсатишнинг яна бир соҳасида электрон ҳукумат тизимини жорий этилишига эришилади.
Шу ўринда электрон ҳукуматнинг тарихи ва унинг ривожланиши тўғрисида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.
Ўтган аср 90-йилларининг ўрталарида дунёнинг ривожланган мамлакатлари компьютер ва интернет каби ахборот-коммуникацион технологияларидан фойдаланиб, давлат бошқаруви тизимида ислоҳот ўтказиш бўйича ҳаракатларни бошлашган. Давлат бошқаруви тизимининг самарадорлигини ошириш ва фуқароларга давлат хизматларини кўрсатиш даражасини ошириш учун ислоҳот ўтказишнинг энг кучли стратегияси сифатида электрон ҳукумат белгиланган ва шундан бошлаб электрон ҳукумат тизимини яратиш бўйича кенг кўламдаги лойиҳалар бошланган.
Электрон ҳукумат тизими учта йўналишни қамраб олади:
1) Давлат идораларида иш унумдорлиги ва самарадорлигини ошириш учун ички иш жараёнларини ахборотлаштириш: иш жараёнларида вужудга келадиган барча турдаги ҳужжат ва маъмурий маълумотларни электрон тарзда тайёрлаш, тўплаш, кўриб чиқиш, сақлаш;
2) Жисмоний ва юридик шахсларга интерактив давлат хизматларини тақдим қилиш;
3) Давлат идоралари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш: маълумотлардан умумий фойдаланиш.
Электрон ҳукумат стратегиясидаги муҳим ғоя бу – яхлит ҳокимият ёндашувидир. Бу ёндашув фуқароларнинг ва тадбиркорларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил қилинади. Яхлит ҳокимият ёндашуви фуқаро ва тадбиркорлар билан ишлашда инфратузилмага ортиқча сарф қилинадиган кераксиз инвестицияларни олдини олади.
Бу тизим соҳада янада самаралироқ давлат бошқаруви жорий қилинишига олиб келиши билан бир қаторда давлат бошқарувидаги шаффофликнинг ошиши сабабли коррупция ҳолатларига барҳам берилади.
Шунга кўра, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) хизматлар адлия органларининг электрон тизими орқали кўрсатилиши бевосита иш жараёнларида вужудга келадиган барча турдаги ҳужжат ва маъмурий маълумотларни электрон тарзда тайёрлаш, тўплаш, кўриб чиқиш, сақлаш имкониятини яратади. Бунинг натижасида диний ташкилот ташаббускорлари томонидан ортиқча қоғозбозлик, ҳужжат топшириш учун ортиқча навбат кутиш каби салбий ҳолатларнинг олди олинади.
Бундан ташқари, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) электрон тизим орқали хизматлар кўрсатилиши бир қатор афзалликларга эга.
Хусусан, аҳолига давлат хизматларининг етказилиши ва самарадорлиги яхшиланади. Ахборотдан очиқ фойдаланиш имконияти фуқаролик жамиятининг ривожига ҳамда давлат органлари билан муносабатларнинг яхшиланишига хизмат қилади. Бу ўз навбатида, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида давлат легитимлигини оширади.
Энг муҳими, бу тизим фуқаролар учун янада кўпроқ қулайлик яратиб, сарф-харажатларнинг қисқаришига омил бўлади ва қоғоз сарфи камаяди. Натижада, атроф-муҳит, экологияга ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Хулоса қиладиган бўлсак, электрон тизим ёки электрон ҳукуматнинг жорий қилиниши диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасида очиқлик ва шаффофлик, давлат хизматлари етказилиши ва сифати яхшиланиши, коррупциявий омилларга йўл қўймаслик ҳамда сарф-харажатларнинг қисқаришига олиб келади.
С. ОТАЖОНОВ,
Андижон вилояти адлия бошқармаси
бўлим бошлиғи.