ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРМА, АЁЛ!

Ижтимоий-сиёсий

Маърифат (барча исмлар ўзгартирилган) Даврон билан 2007 йилда турмуш қурган. Уларнинг икки нафар фарзанди бор. Эр-хотин 2021 йилнинг 2 октябрь куни соат 21:30 да оилавий келишмовчилик сабаб жанжаллашиб қолган. Жанжал вақтида Маърифат турмуш ўртоғи Давроннинг орқа чап кўкрак қафасига хўжалик пичоғи билан қасддан бир марта уриб, ҳаёти учун хавфли жароҳат етказган.

“Ўша куни соат 17:00 ларда турмуш ўртоғим ва ўғлим билан бирга ўтириб овқатландик. Хуфтон вақти яқинлашганида эрим маҳалладаги масжидга чиқадиган бўлди. Кетаётганида ўғлим иккимизни онамнинг уйига ташлаб ўтди. Шунда қизим чиқиб, бувисининг уйида ётиб қолишини илтимос қилди. Унга дадасидан рухсат сўраши лозимлигини айтдим. Кейин қизим отасидан рухсат сўраш учун кўчага чиқди ва қайтиб кирди. Бироздан сўнг эрим менга қўнғироқ қилиб “нимага ўзинг чиқмасдан, қизингнинг ўзини чиқариб юбординг?”, деб қаттиқ гапирди. Онамнинг уйида бироз ўтирдик. Эрим намоздан қайтгач, бирга уйга келдик. Уйда турмуш ўртоғим “нимага гапирмаяпсан?”, деб дўқ қилганида иккимиз гап талашиб қолдик. Шунда у жағимдан ушлаб “овозингни ўчир”, деб силтаб юборди. Бундан аччиқланиб “нимага урасиз, айбим нима?” деб, қўлимдаги пичоқни у томонга силтаганимда орқа чап кўкрак қафасига тегиб кетди. Аввалига тегмади деб ўйлагандим. Шу сабабли қўлимдаги пичоқни ҳовлидаги гулзор ичига ташлаб, ҳаммомга юз-қўлларимни ювишга кириб кетдим. Шу пайт бирдан ўғлим чақирди. Ҳовлига қайтиб чиққанимда турмуш ўртоғимнинг кўкрак қафасидан қон оқаётганини кўриб, қўрқиб кетдим. Унинг кийимини қон чиқаётган жойга босиб турдим. Кейин қўшнимиз Ҳабибулло ака билан тумандаги, кейин эса вилоятдаги шифохоналарга олиб бордик. Мен атай қилмагандим”-, дейди судланувчи.

Суд жараёнида жабрланувчи ҳолат юз берган куниёқ турмуш ўртоғини кечирганини, унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирди. Шунингдек, у билан бирга яшаётганини, қарамоғида икки нафар фарзанди борлигини, агарда хотинига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланадиган бўлса, яна оилалари ўртасига совуқчилик тушиши, фарзандлари сарсон бўлиши мумкинлигини инобатга олишини сўраб, енгилроқ жазо тайинланишини илтимос қилди.

Суд ҳукми билан Маърифат  Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисмининг «л» бандида (қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб содир этилган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига шартли ҳукм қилиниб,  икки йил синов муддати белгиланди.

Умиджон СОЛИЕВ,

жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон тумани суди судьяси.