ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА МУҲТОЖ АЙРИМ ФУҚАРОЛАРГА БИР МАРТАЛИК МОДДИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛМОҚДА

Ижтимоий-сиёсий

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини, жумладан кам таъминланган болали оилаларни аниқ йўналтирилган тарзда давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, уларнинг моддий фаровонлик даражасини ошириш, кекса авлод вакиллари манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, инсонпарварлик, меҳр-оқибат, саховат тадбирларини изчил давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майда “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-258-сон қарори қабул қилинди.

Мазкур қарорга мувофиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг қуйидаги қатламларига ва қуйидаги миқдорларда бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади:

Шаҳрихон тумани бўйича:

а) пенсия ва нафақа олувчиларга — 300 минг сўмдан:

ёшга доир пенсия ва нафақа олувчиларга ( 26 321 киши);

меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик пенсия ва нафақа олувчиларга ( 4 096 киши);

болаликдан ногиронлик нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир оила аъзосига ( 2 618 киши);

боқувчисини йўқотганлик пенсия ва нафақа олиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир оила аъзосига ( 2 448 киши);

ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши учун нафақа олувчиларга (274 киши).

б) “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларга бериладиган нафақа ва моддий ёрдам олувчиларга — 200 минг сўмдан;

кам таъминланган сифатида болалар нафақаси олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига ( 49 995 киши);

кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга  ( 21 327 оила).

Шу билан бирга қарорга мувофиқ бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлаётган шахсларга моддий ёрдам ҳар бир тури учун тўлаб берилади. Яъни бир оилада ҳам ногиронлик нафақаси ҳам “Ягона ижтимоий ҳимоя реестр” орқали кам таъминланган болалар нафақаси тайинланган болалар бўлса, уларга бир марталик моддий ёрдам икки томонлама берилади.

Бир марталик моддий ёрдам пули пенсия ва нафақалар тўланадиган тартибда автоматик тарзда амалга оширилади. Бунинг учун ҳеч қандай қўшимча ариза ва мурожаат талаб этилмайди.

Банк пластик карталарида олувчи фуқароларнинг бир марталик ёрдам пуллари қарор чиққан кундан бошлаб 2 кун муддатда тўлиқ пластик карталарига ўтказиб берилди.

Нафақани нақд пулда олувчи фуқаролар эса “Халқ банки”нинг жойлардаги сайёр кассалари орқали график асосида ҳар бир маҳаллага бориб тарқатилади. Моддий ёрдам пуллари  8 июнга қадар тўлиқ тарқатилиши таъминланади.

Уйида вақтинча бўлмаганлиги ёки бошқа сабабларга кўра бир марталик моддий ёрдам пулларини ўз вақтида ололмаган фуқароларга тўланмаган моддий ёрдам жорий йилнинг 1 сентябргача бўлган муддатда тўлаб берилади.

Шу билан бирга ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ҳар бир бола учун моддий ёрдам тарқатилиши ёки банк картаси тўғрисидаги маълумотлар эвазига моддий ёрдам олиш мумкинлиги тўғрисида фирибгарлар томонидан “fake” маълумотлар тарқатилмоқда.

Мисол учун, одамларнинг ҳаволага ўтиш ва тасдиқловчи СМС кодини ҳамда карта маълумотларини тақдим этиш таклиф этилади. Шундан сўнг улар картадаги ваъда қилинган пулни олишларини айтиб банк пластик картадаги мавжуд маблағларни ечиб олиш ҳолатлари учрамоқда.

Ҳурматли фуқаролар! Юқоридаги каби фирибгарларнинг алдовларига ишониб қолмаслигингизни ҳамда банк пластик картангиз тўғрисидаги маълумотларини ҳеч кимга бермаслигингизни сўраймиз.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ «Темир дафтар»га киритилган ҳамда бир марталик моддий ёрдам пулларини олмаган эҳтиёжманд оилаларга «Саховат ва кўмак» жамғармаси маблағлари ҳисобидан ушбу оилаларнинг ҳар бир аъзосига 20 килограммдан бепул ун тарқатиш назарда тутилган.

Бунинг учун, туман (шаҳар) ҳокимликлари сектор раҳбарлари билан биргаликда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйича бир марталик моддий ёрдам олувчиларнинг ҳамда “Темир дафтар”да  2022 йил давомида бўлган оилаларнинг рўйхатларини “Sahovat.idm.uz” базасидан олиб бир марталик моддий ёрдам тарқатиш ведомостлари билан солиштиради ҳамда ун берилиши лозим бўлган оилалар рўйхатини шакллантиради.

Ҳокимликларга рўйхатни шакллантиришда маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси ҳамда туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари кўмак беришади ҳамда бунда рўйхатга тушадиган оиланинг ҳеч бир аъзоси учун бир марталик моддий ёрдам тайинланмаган бўлиши лозим. 

Бюджетдан ташқари Пенсия жамгармаси

 Шаҳрихон тумани бўлими.