ОДАМ САВДОСИГА ҚАРШИ КУРАШИШ — ДАВР МУАММОСИ

Жамият


Ўзбекистон Республикасининг 17.08.2020 йилдаги «одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-633-сон қонуни билан “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги қонун янги таҳрирда қабул қилинган. Ушбу қонунга кўра, одам савдоси деб куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш йўли билан одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш тушунилади. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг ўзга шаклларини, мажбурий меҳнатни ёки хизматларни, қулликни ёхуд қулликка ўхшаш одатларни, эрксизлик ҳолатини ёхуд инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олишни англатади.

Бу жирканч жиноят Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида ҳам ўз аксининг топган бўлиб, кодекснинг 135-моддасига кўра, одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш —

уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали;

б) икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан;

в) ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан;

г) айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан;

д) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

е) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

ж) хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда;

з) жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда;

и) қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда;

к) инсон аъзоларини ва (ёки) тўқималарини олиш мақсадида содир этилган бўлса;

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса;

б) жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса;

в) ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса;

г) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Шунингдек,  Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил 24 ноябрдаги 12-сонли «Одам савдосига оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги қарори ҳам қабул қилинган.

Одам савдоси жиноятини олдини олиш, унга қарши курашиш барчамизнинг фуқаролик бурчимиздир.

М. Абдивохобов,

Асака туман юридик хизмат кўрсатиш
маркази бош юрисконсульти