НИКОҲ МУҚАДДАС, АММО…

Жамият


Никоҳ муқаддас ҳисобланади. Инсон мана шу тушунча билан оила қурса, у мустаҳкам бўлади. Оиланинг жамиятдаги ўрни қанчалик катта эканлиги эса барчамизга яхши аён. Чунки, фарзанд деб аталмиш энг буюк неъмат ана шу оилада дунёга келиб, вояга етади, камол топади. Боланинг соғлом туғилиши, баркамол бўлиб вояга етиши, тўғри тарбия олиши, албатта, оиладаги муҳитга боғлиқдир. Бунда ота-онанинг роли беқиёс аҳамият касб этади.

Минг афсуски, айрим ҳолларда фарзандларнинг носоғлом туғилишига ота-она, оила катталари сабабчи бўлиб қолмоқда. Бунинг боиси, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдир. Айрим оилалар баъзи сабабларни рўкач қилиб, яқин қариндошларига қиз бериб, келин олмоқда. Натижада ногирон болалар дунёга келаётир. Бу нохуш ҳолат жамиятимизга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Соғлом авлоднинг шаклланишида бу масалага эътибор қаратиш жуда ҳам муҳимдир. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ тиббий нуқтаи назардан ҳам, диний томондан ҳам маъқулланмаган. Ҳатто, буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз ҳам ўғилларини уйлашда келин танлашга алоҳида эътибор қаратганлигини тарихдан яхши биламиз.
Маълумотларга кўра, ногирон болаларнинг 40 фоизи қариндош-уруғлар билан никоҳ туфайли дунёга келар экан. Аянчлиси, шуни билган ҳолда никоҳга рози бўлиб, кейинчалик, афсусланаётганлар ҳам кўп эмас. Бунга мисол қилиб, қуйидаги ҳаётий воқеани мисол келтириб ўтсак.
Бир қиз ота-онасининг: “Тоғангнинг ўғлигига сени унаштириб қўйсак, шунга нима дейсан”,- деган гапига ҳеч қаршиликсиз рози бўлади. Орада тўй ҳам бўлиб ўтади. Оилада икки йилдан сўнг қизалоқ дунёга келади, аммо чақалоқ туғуриқдан эрта туғилгани учун шифокорлар унинг ҳаётини сақлаб қола олмайдилар. Орадан бир неча йил ўтиб, она яна ҳомиладор бўлади. Бу сафар ҳам қизалоқ дунёга келади. Туғуруқ ўз вақтида бўлсада қизалоқнинг чап оёғи ўнг оёғига нисбатан калтароқ туғилади. Шифокорлар бу боланинг нуқсонли туғилишига яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ эканлигини айтадилар. Она бундан қаттиқ изтиробга тушади, афсусланади, бироқ, ғишт қолипдан кўчган эди. Зеро, халқимиз: “Сўнгги пушаймон – ўзингга душман”, дея бежиз таъкидламаган.
Ёмон оқибатга олиб келувчи бундай никоҳларга барчамиз қарши курашмоғимиз даркор. Бундай ҳолатларга кўз юмиб кетмаслигимиз керак, чунки ўша ота-онанинг айби қанчалик бўлса, бизнинг ҳам гуноҳимиз ҳам шунчалик бўлади. Келажак авлоднинг соғлом туғилишига барчамиз бирдек маъсулмиз. Қайси йўлни танлашимиз кўп жиҳатдан ўзимизга боғлиқдир.

Ситора ТОШЛОНОВА,
Шаҳрихон туманидаги 20- умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.

Добавить комментарий