САЙЛОВ — ДЕМОКРАТИЯ КЎЗГУСИ

Жамият

Мамлакатимизда жорий йилда ўтказилиши кутилаётган муҳим сиёсий воқеа Президентлик сайловига тайёргарлик аллақачон бошлаб юборилган. Фуқароларнинг дунёқараши, уларнинг давлат ва жамият бошқарувида иштироки ҳамда сиёсий-ҳуқуқий маданиятини яққол намоён қилувчи сайлов жараёнига Ватанига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган ҳеч бир инсон бефарқ қарай олмайди.

Истиқлол йилларида шаклланган миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётида орттирилган бой тажриба ҳамда  умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартлари ҳисобга олинган ҳолда 2019 йил 25 июнда қабул қилинган Сайлов кодекси халқаро экспертлар томонидан ҳам юксак баҳоланди. Сайлов қонунчилигига сўнгги йилларда бошқа бир қатор демократик ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди.

Жорий йилнинг 8 февраль куни “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун шулар жумласидандир. Қонунга биноан участка сайлов комиссиялари фаолиятига тааллуқли айрим нормалар янада мустаҳкамланди.

Янги қонунга биноан Сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлардан бири 23-моддада ўз ифодасини топди. Маълумки, участка сайлов комиссияси округ сайлов комиссияси томонидан сайловга камида қирқ кун қолганда беш — ўн тўққиз нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади.

Кодекснинг 25-моддасига биноан участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмасди.

Аммо шифохоналар, дам олиш уйлари, ҳарбий қисмлар, мамлакатимизнинг чет эллардаги дипломатик ваколатхоналари каби муассасаларда, уларнинг қатъий ички тартиб қоидалари талабларидан келиб чиққанда, сайлов участкаси аъзоларини бундай тартибда тузиш қийинлиги аён.

Янги қонунга биноан, Сайлов кодексининг мазкур моддаси учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Участка сайлов комиссияси аъзоларининг ярмидан кўпи битта ташкилотдан тавсия этилиши мумкин эмас, бундан Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда ва дам олиш уйларида, бошқа стационар даволаш муассасаларида, қамоқда сақлаш ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида ташкил этилган участка сайлов комиссиялари мустасно”.

Сайлов кодексининг чет давлатларда истиқомат қилиб турган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар, сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, хорижий мамлакатларда сайловчи-ватандошларимиз гавжум яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутилар орқали овоз беришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Шунингдек, сайлов қонунчилигига сайлов комиссиялари зиммасидаги номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифанинг чиқариб ташланиши, сайловолди ташвиқоти даврида давлат ресурсларидан фойдаланишнинг тақиқланиши, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида, сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилишига оид янги нормаларнинг киритилгани сайловларни очиқ-ошкора, шаффоф ва мустақиллик тамойиллари асосида ўтказишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, йилдан-йилга ислоҳ қилинаётган сайлов қонунчилиги сайлов жараёнларининг ошкоралиги, холислиги ва ҳаққонийлигини таъминлашга, ўтган йиллар давомида тўпланган миллий ва хорижий тажриба асосида фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда муносиб ҳисса қўшиши, шубҳасиз. Зотан, адолатли сайловлар – бу демократиянинг ўта муҳим ва зарурий шартларидан биридир.

Зафарбек ҚОДИРОВ

Бўстон тумани адлия

   бўлими бошлиғи.

Добавить комментарий