Бугунги кунда миллий божхона тизимини янада такомиллаштириш йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар божхона назорати ва расмийлаштируви тартиб-тамойилларини жаҳон стандартларига мослаштириш, мамлакатимизнинг ташқи иқтисодий фаолиятини янада ривожлантириш, республика иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш билан бир қаторда ташқи савдо жараёнлари интеграциясига ўз улушини қўшаётган ТИФ субъектларига божхона тартиботларидан қўшимча қулай шарт-шароитлар яратишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса ўз навбатида, божхона органлари томонидан уларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш, қўлланилаётган божхона назорати шакллари самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бироқ, божхона органлари томонидан токи ҳозирги кунгача бўлган божхона назорати шаклларини янада самаралироқ бўлиши борасида амалга оширилаётган ишлар, кўрилаётган
чора-тадбирларнинг натижавийлик даражаси ҳамон паст эканлигини кўрсатмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунининг 8-моддасида божхона органларига божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш ва божхона назоратини ташкил этиш мажбурияти юклатилган. Шу сабабли, божхона назорати самарадорлигини ошириш, божхона назорати шаклларидан оптимал фойдаланган ҳолда божхона назорати ва расмийлаштирувига сарфланадиган вақтнинг қисқартирилиши – халқаро савдони ривожлантиришга кўмаклашиб, Ўзбекистонни Жаҳон банкининг бизнесни юритиш (“Doing Business”) рейтингидаги ўрнини янада яхшилашга ҳамда ТИФ субъектларининг божхона тартиботлари вақтини ва унга сарфланаётган харажатларни тежашга имкон беради. Чунки, республикада қулай ташқи иқтисодий фаолият ва халқаро савдо муҳитини яратиш, бизнес ва инвестицион жозибадорликни янада ошириш, фаол иқтисодий ўсишни таъминлашга замин яратади.
Божхона назорати амалга оширилаётганда божхона органлари божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг олдини олиш мақсадида, текширилиши керак бўлган товарларни ва транспорт воситаларини, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳужжатларини аниқлаш, божхона назорати шаклларини ва уларнинг қўлланилиш ҳажмини танлаш учун хавфни бошқариш тизимини қўллайди.
Евроосиё иқтисодий иттифоқи Божхона кодексига (27.11.2009 й.) кўра: “Божхона назорати, бу божхона тўғрисидаги халқаро шартномалар ва актларга ҳамда аъзо мамлакатларнинг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш учун божхона органлари томонидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуи (2-модда)” деб ифода этилган. Мазкур кодекснинг 322-моддасида тушунтиришлар олиш, божхона, бошқа ҳужжатлар ва маълумотларни текшириш (товарлар чиқарилгунга қадар ва товарлар чиқариб юборилгандан кейин ҳамда бошқа ҳолларда), божхона кўздан кечируви, божхона кўриги, шахсий кўрик, ҳудудлар ва жойларни текшириш ҳамда божхона текшируви (камерал божхона текшируви ва сайёр божхона текшируви) каби назорат шакллари ҳамда ушбу норматив ҳужжатнинг 338-моддасида оғзаки сўров, товарлар, ҳужжатлар, транспорт воситалари, шунингдек иншоотлар ва бошқа жойларни идентификациялаш, божхона кузатуви, божхона назоратидаги товарлар ва улар билан амалга ошириладиган божхона операцияларини ҳисобга олиш, ҳисобга олиш тизимининг мавжудлиги ва товарларнинг ҳисоби юритилишини текшириш, божхона назоратини амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларни божхона органлари томонидан сўраш, талаб қилиш ва олиш, божхона назоратининг техник воситалари, божхона органларининг бошқа техник воситалари, сув ва ҳаво кемаларидан фойдаланиш, божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш, товарларни ташиш йўналишини белгилаш, божхона назоратини амалга оширишда мутахассиснинг иштироки, давлатнинг бошқа органларидан мутахассис ва экспертларни божхона назоратини амалга оширишда ёрдам кўрсатиш учун жалб қилиш, божхона назоратини амалга ошириш учун товар ва транспорт воситасига нисбатан юк ва бошқа операциялар каби божхона назорати амалга оширилишини таъминловчи чоралар келтирилган.
Андижон вилояти божхона бошкармаси
Асака ташки иктисодий фаолият божхона пости инспектори
божхона хизмати катта лейтенанти Адашев Ахрор