2019 йил 1 январдан бошлаб, солиқ соҳасидаги ўзгаришлар кучга кирди. Ялпи тушуми 1 миллиарддан ошган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар умумбелгиланган солиқ тўлаш тартибига ўтди. Бу эса ҳали ушбу тартибда ҳисоб-китобларини юритмаган тадбиркорлик субъектларида бир қатор саволларни келтириб чиқаргани, шубҳасиз. Хусусан, қўшилган қиймат солиғи. Унда барча учун бирдек стандарт 20 фоизли ставка қўлланиладими, ёки?…
Таъкидлаш жоиз, шу каби саволларга ҳамда жорий йил солиқ тўловларида юз берган ўзгаришлар юзасидан туманимиз тадбиркорлари билан бўлиб ўтган семинар тренингда батафсил жавоблар берилди. Тадбирда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эгамбердиев, Республика Давлат солиқ қўмитаси бўлим бошлиғи Ж.Абдиев, туман прокурорининг ўринбосари Б.Усмоновлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
— Якунланган йилда ялпи тушуми 1 миллиард сўмдан ошган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар 2019 йил 1 январдан бошлаб, умумбелгиланган солиқ тизимига ўтди, — дейди туман ДСИ бошлиғи Л.Увайсиддинов. – Айтиш мумкинки, умумбелгиланган тизимга ўтган ҳар бир тадбиркорлик субъекти қўшилган қиймат солиғини 20 фоизли ставкада тўламайди. Уларга қулайлик яратиш мақсадида, йиллик товар айланмаси 1 миллиарддан 3 миллиардгача бўлганларга соддалаштирилган тартиб жорий қилинди. Масалан, чакана, улгуржи, шунингдек, улгуржи-чакана савдо билан шуғулланувчи савдо корхоналари учун 6 фоизли, қурилиш ташкилотларига эса 8 фоизли ставкалар жорий қилинди.
— Сўнгги вақтларда кўпчилик тадбиркорларнинг асосий мавзуси қўшилган қиймат солиғи бўлиб қолган эди, — дейди Т.Жўраев. – Янги тизимга ўтиш корхона ва ташкилотларнинг харажатларини ортишига олиб келади. Натижада нарх-наво ҳам кўтарилади, деган тасаввур пайдо қилганди. Йўқ, ундай эмас экан. Семинарда кўпчиликни ўйлантираётган бу саволга тушунарли тарзда жавоб берилди. Дейлик, ҳамкоримиз, яъни хом-ашё етказиб берувчи корхона ҚҚС тўловчиси. Ундан бизнинг корхона маҳсулот сотиб олаётганда 20 фоизли ҚҚСни чегириб ташлаш имкониятига эга бўларкан. Натижада, нарх ҳам ошмай, фойдамиз ҳам камайиб қолмас экан.
Шунингдек, тадбирда 2019 йил 1 январдан якка тартибдаги тадбиркорларга суғурта бадали бекор қилиниб, ўрнига ягона ижтимоий тўлов тўлаш тартиби жорий этилгани ва бошқа киритилган ўзгаришлар ҳақида ҳам батафсил тушунчалар берилди. Ўртага ташланган таклиф ва мулоҳазалар ўрганиб чиқиш мақсадида ёзиб олинди.
Албатта, ҳар бир янгилик ва ўзгаришдан тадбиркор вақтида хабардор этилса, унинг фаолиятида ортиқча муаммолар юзага келмайди. Шу боис, семинарлар сўнггида тадбиркорларда саволлар пайдо бўлса, бемалол “Солиқ-сервис” Давлат унитар корхонасининг филиалларига ёки бириктирилган маъсул ходимларига мурожаат этишлари мумкинлиги айтилди.