Назармаҳрам қишлоғи ҳудудидаги маҳаллалар фаоллари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбати халқ депутатлари вилоят Кенгашининг яқинда ўтказилган кенгайтирилган қирқ бешинчи сессияси кун тартибидаги масалалардан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланди.
Унда сўз олган “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Б.Маҳмудов, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати М.Ғозиев, туман “Қайноналар Кенгаши” жамоатчилик тузилмаси раҳбари М.Алимова, “Назармаҳрам” жомеъ масжиди имом-хатиби Ф.Қодировлар сессия кун тартибида муҳокама қилинган оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг, ноқонуний шаърий никоҳларнинг олдини олиш, эрта ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик каби масалалар юзасидан гапирдилар.
Учрашувда оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, уларнинг оила ва никоҳ ҳақидаги тушунчаларини кенгайтириш, оилавий ажримларнинг олдини олишда кенг жамоатчилик ролини кучайтириш бўйича келгусидаги долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Худди мана шундай тадбир Шаҳрихон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида ҳам бўлиб ўтди. Муассасанинг юқори босқич ўқувчилари ҳамда Мустақиллик маҳалласи фаоллари қатнашган йиғилишда туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Н.Йўлдошева, фуқаролик ишлари бўйича Бўз туманлараро судининг раиси С.Йўлчиева, туман ФҲДЁ бўлими мудираси Ш.Саматова, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси Ш.Отабоев, “Шаҳрихон” газетаси муҳаррири М.Ғозиевлар юртимизда оила институтини такомиллаштириш, уни мустаҳкамлаш, она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, аёлларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритдилар.
Йиғилишда бугун барчани ташвишга солаётган оилавий ажримларга, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик, бу борада ўтказилаётган тадбирлар самарадорлигини ошириш лозимлиги таъкидланди.
А.МЎМИНОВА.
Ушбу мақола Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб — қувватлаш Жамоат фонди томонидан молиялаштирилган «Соғлом оила-соғлом жамият гарови» лойиҳаси асосида тайёрланди.