Республикамизда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда бугунги кунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти ҳам такомиллаштирилиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 майдаги “Бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5446-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти этиб қайта ташкил этилди.
Фармонга мувофиқ, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти иқтисодий ва коррупциявий жиноятлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштириш ҳолатлари бўйича тезкор қидирув фаолияти, терговга қадар текширув ва суриштирувни, шунингдек, мазкур жиноятлар содир этилиши оқибатида етказиладиган иқтисодий зарарнинг қопланишини амалга оширувчи мустақил ихтисослашган ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ҳисобланиши белгилаб қўйилди.
Қайта ташкил этилган Департаментнинг асосий вазифалари этиб бозор муносабатларининг ҳозирги босқичида инсофли тадбиркорлар, чет эл инвесторларни фаолиятига ноқонуний аралашувлардан ҳимоя қилиш, импортни оптималлаштиришга ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнининг экспорт салоҳиятини оширишга кўмаклашиш, бюджет маблағларини мақсадсиз фойдаланиш, давлат харидларида нархларни ошириб юбориш, давлат органлари ва ташкилотларида дебитор ҳамда кредитор қарздорликнинг асоссиз ортиши ҳолатларини аниқлаш, етказилган зарарзни қоплаш чораларини кўриш, ёқилғи-энергетика қомплексида, банк-молия, солиқ, траснпорт, қурилиш ва ижтимоий соҳаларда иқтисодий жиноятлар ҳамда коррупцияга қарши курашиш, “хуфёна иқтисодиёт”ни шакллантиришнинг турли схема ва каналлари, чет эл валюта маблағларини ноқонуний равишда чиқиб кетишини, олиб кирилиши ва олиб чиқилишини, уларнинг ноқонуний муомаласини аниқлаш каби вазифалар белгиланди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти тўғрисидаги, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментида хизматни ўташ тўғрисидаги ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Қайд этиш лозимки, Фармонда Департамент томонидан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш соҳасидаги долзарб бўлган давлат органлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар томонидан товарларни асоссиз равишда ёки фаолият турига мос бўлмаган ҳолда импорт қилиш, мамлакат манфаатига зид битимлар тузиш, чет эл валютасини ноқонуний тарзда чиқариб юбориш, давлат харидларини амалга оширишда импорт махсулоти нархини ошириб юбориш ҳолатлари ҳамда экспорт-импорт соҳасидаги коррупция холатлари аниқлаш ва қонуний чора кўриш бўйича ҳуқуқий асослар кўрсатиб ўтилди.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур Фармон бозор муносабатларининг бугунги босқичида юзасига келаётган иқтисодий жиноятларга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини белгилаб берган ҳолда мамлакат тараққиёти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бахтиёржон ХАСАНОВ,
Департаментнинг Шаҳрихон тумани бўлими инспектори.