Cавол: Уй-жойга субсидия олиш учун қандай ҳужжатлар керак?
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сонли қарорига асосан Ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш учун шахслар ариза билан исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтади.
Анкета-ариза электрон тарзда тўлдирилади ва унга қуйидагилар электрон тарзда илова қилинади ёки маълумотлар тақдим этилади:
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами маълумотлари;
оила аъзоларининг (жисмоний шахснинг) шахсий идентификация рақами маълумотлари ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва никоҳ ҳамда вояга етган фарзандлар мавжуд бўлган тақдирда) ва (ёки) фарзандлар туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалар (вояга етмаган фарзандлар бор бўлган тақдирда) нусхалари;
белгиланган тартибда никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб тан олинганлиги тўғрисида суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолатда) ёки оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолатда);
доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);
доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойидан уй дафтарининг ёки квартиралар бўйича карточканинг нусхаси (агар турар жойи доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган жойи билан тўғри келса);
ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ва ушлаб қолинган даромад солиқлари тўғрисидаги маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).
Юқоридагилардан ташқари маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш қатъиян тақиқланади.
Шунингдек, субсидия олиш учун мурожаат қилган ариза берувчидан “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” АТ орқали олиш мумкин бўлган ҳужжатларни (маълумотларни) талаб қилиш ман этилади.
Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари бериши мумкин. Хизматлар ариза берувчиларга бепул амалга оширилади.
Б.САИДОВ,
Шаҳрихон тумани адлия бўлими
бошлиғи.