ҒАЛЛАНИ ЁНҒИНДАН АСРАЙЛИК!

Жамият

Юртимизда долзарб мавсум-ғалла ўрим-йиғими бошланиш арафасида. Бу жараёнга тайёргарлик тадбирлари фермерлардан  тортиб, соҳа мутахассисларию, оддий деҳқонларнинг ҳам зиммасига катта масъулият юклайди. Ҳосилни уюшқоқлик билан йиғиштириб олишда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, мавсумда қатнашадиган комбайн, ёрдамчи техникалар ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилиб, камчиликлари бартараф этилгач, далага олиб чиқилади. Ғаллани қабул қилиш, қуритиш ва қайта ишлаш корхоналарида ишлаётган мутахассислар мавсум давомида техникалар созлиги, ғалла маҳсулотлари сақланишининг ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини қатъий назоратга олишлари зарур.

Ғаллазорларда ёнғин содир бўлишининг олдини олишда ҳар бир фуқаро масъул. Чунки ғалла майдонларига яқин жойдан ўтаётган автомобилда бораётган баъзи фуқаролар сигарета қолдиғини ўчирмасдан ташлаб юборишади. Бунинг олдини олиш учун темир йўллар, катта йўл ва дала йўлларига яқин жойлардаги ғалла майдони четидан 8 метр ер шудгорланади. Ғаллазорлар орқали ўтадиган дала йўллари ғалла ўриб олунгунча ёпиб қўйилиши мақсадга мувофиқдир. Бундан ташқари:

— бевосита ғалла майдонларининг ўзида ҳаракатланаётган техникалар, транспорт воситаларидан чиққан учқун туфайли ёнғин келиб чиқиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу сабабли, мавсумга жалб этилган барча техникалар (комбайн, трактор, автомобиль ва бошқалар) учқун ўчиргичларининг созлиги текшириб кўрилгандан кейингина, далага киришга рухсат берилади ва мавсум давомида уларнинг созлиги назорат қилиб борилади;

— кўпинча ёш болалар олов ёки гугурт ўйнаши натижасида ёнғин келиб чиқади. Шундай экан, уларнинг ғаллазор атрофида мол боқиши, ўйнаши ва далага киришига йўл қўймаслик, фуқаролар ғалласи ўриб олинган майдонларга иккинчи экин экиш мақсадида далани сомондан тозалаш учун ўт қўйиб юбормасликлари зарур. Юзага келган аланга кўшни далалардаги ғалласи ўриб олинмаган майдонларга ҳам хавф солади. Шунинг учун ғалладан бўшаган майдонларда сомон ёқиш тақиқланади. Майдонларни тозалаш фақат шудгорлаш орқали амалга ошрилиши ва буни жойлардаги мутасадди раҳбарлар назорат қилиб боришлари талаб этилади;

— ўрим-йиғим пайтида комбайннинг айланма механизимлари қизиб кетиши, уларга сомон ўралиб қолиши ҳам ёнғинга сабаб бўлади. Комбайн ҳайдовчилари ўз техникалари ҳолатини назорат қилиб боришлари, вақти-вақти билан тўхтатиб, ўралиб қолган хас-хашаклардан тозалаб туришлари, ҳар бир техника бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланиши шарт.

Мавсум бошланишидан олдин комбайннинг ўзида иккита ёнғин ўчиргич, тўртта белкурак, олтита супурги, 2х2 метр ҳажмли кигиз ёки брезент, 40-100 литр сиғимдаги сув идиш, иккита челак бўлиши керак. Ўрилаётган ғаллазор четида эса омочли ҳайдов трактори шай туриши зарур.

Қадрли юртдошлар! Ғалла – ризқ-рўзимиз, ҳаётимиз фаровонлигини таъминловчи азиз неъмат. Шундай экан, ғалла ўрим-йиғими даврида тилсиз ёв – ёнғинга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир.

Ж.СИДИҚОВ,

 Шаҳрихон тумани ФВБ бошлиғи ўринбосари.