ХОНАДОНЛАРГА ЗАРАРСИЗЛАНТИРИЛГАН ГАЗ БАЛЛОНЛАРИ КИРИБ БОРМОҚДА

Жамият

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот котиби хизмат сафари билан Шаҳрихон туманида бўлиб, ушбу ҳудудда суюлтирилган газ таъминоти бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди. Дастлабки манзил Шаҳрихон газ тўлдириш шаҳобчаси бўлди.

Шаҳрихон газ тўлдириш шаҳобчасининг ойлик газ тўлдириш қуввати 600 тонна ва бир марталик газ сақлаш қуввати 54 тоннани ташкил этади. Бугун мазкур шаҳобча бир вақтнинг ўзида 4 та махсус газ ташиш автотранспортларига хизмат қилиш имкониятига эга бўлиб, ҳозирда ГТШ Шаҳрихон, Балиқчи, Бўстон, Улуғнор ва Олтинкўл туманларига хизмат кўрсатмоқда.

“- Бизга ўзимиздан ташқари бошқа туманлардан ҳам маиший газ баллонлари келганлиги учун, баллонларни кириш ва чиқишда дезинфекция қилишни қатъий назоратга олганмиз, —дейди “Шаҳрихон” газ тўлдириш шаҳобчаси бошлиғи Хуршидбек Усмонов. – “Айланма” усулда бўлгани учун қайси баллон қайси маҳалладан келяпти ва қаерга боради, бизга номаълум. Лекин карантин қоидаларига амал қилган ҳолда барча баллонларни зарарсизлантирсак, хонадонларга коронавирусдан холи бўлган маиший газ баллони кириб боради. Бу эса истеъмолчилар хавфсизилигини таъминлашга ҳисса қўшади.”

Карантин даврида ҳам шаҳобча тўла қувват билан ишламоқда. Мазкур объектда барча баллонларни тўла дезинфекция қилувчи қурилма ўрнатилган бўлиб, у ҳам ҳар бир транспорт воситасини кириш ва чиқишда зарарсизлантирмоқда. Ходимлар, чилангарлар, ҳайдовчилар ҳам киришда антисептиклар билан зарарсизлантирилиб, тана ҳароратлари ўлчанмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати

Добавить комментарий